Ўтган йил февраль ойида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари доктори, Халқаро педагогик фанлар академияси мухбир аъзоси Бойназар Йўлдошевнинг «Қашқадарё адиблари» номли китоби нашрдан чиққан эди. Пандемия сабаб бўлиб китоб кенг жамоатчиликка тақдим қилинмаган эди.
Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатда Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан талабалар, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари, бадиий сўз ихлосмандлари учун китобнинг тақдимоти ўтказилди.
– «Қашқадарё адиблари» таснифининг диққатга сазовор жиҳати шундаки, баъзи муаллифларнинг ижоди, у пойтахтда яшайдими, вилоятдами ёки Ёзувчилар уюшмасига аъзоми, аъзо эмасми, булардан қатъий назар, илмий жамоатчилик орасида тарғиботи кам бўлса-да, жиддий тадқиқотларга материал бўла олиши мумкинлигига эътибор қаратилган, – дейди филология фанлари доктори, профессор Нафас Шодмонов. – Таниқли ижодкорлар қаторига Фақирий, Жўра Алимардон, Нормамат Тоға, Юсуф Сиддиқов, Ғози Раҳмон, Шарофат Ашурова, Ҳамид Маллаев, Сафар Каттабоев, Жумақул Қурбонов, Ҳафиза Эгамбердиева, Нилуфар Умарова, Баҳодир Абдураззоқ каби ёзувчи ва шоирларни қўшиш мумкин. Ҳақиқатан, уларнинг ҳар бири ўзига хос ижод услубига эга, асарлари ўз ўқувчиларини топган.
[gallery-2556]
– Анча йиллар аввал «Насаф» нашриётида иш бошлаганимда, Бойназар Йўлдошев воҳа ижодкорлари номини алоҳида тўпламда жамлаш фикрини билдирганди, – дейди Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ўроз Ҳайдар. – Ушбу ният рўёби ўлароқ «Насаф нафаси» номли китоб дунё юзини кўрди. Бу орада «Шарқ» нашриётида «Қашқадарё бадиияти» тўплами нашрдан чиқди. Мана энди «Қашқадарё адиблари». Кузатамиз, эшитамиз, айрим кучли ижодкорлар яхши асарлар битишадию, тарғиботга, асарлари нашри, оммалашишига унча эътибор қаратмайди. Табиийки, ўқувчилар ҳам уларни яхши танимайди. Бойназар Йўлдошев 150 га яқин Қашқадарё адиблари номини бир китобга бирлаштириб, ана шу танимасликка «нуқта қўйди». Бу воҳа адабий муҳити янада порлаши учун хизмат қилади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатованинг маълум қилишича, мазкур китоб вилоят маънавият ва маърифат кенгаши ҳомийлигида минг нусхада чоп этилган. Китоб талабалар, қолаверса, умумтаълим мактабларида янгидан иш бошлаган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар учун зарур қўлланма вазифасини бажаради.
Тақдимотда ижодкорлар китоб хусусидаги фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА