Янги ҳамкорлик ва инновацион тараққиёт сари муҳим қадам
Кўҳна ва навқирон Бухоро шаҳрида “Глобал рақобатбардошлик учун Ўзбекистон – Туркия олий таълим ҳамкорлигини ривожлантириш” мавзусида ўтказилган Тўртинчи Ўзбекистон – Туркия ректорлар форуми доирасида қатор параллел секциялар ташкил этилди. Мазкур нуфузли анжуман икки давлат ўртасидаги таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги истиқболли лойиҳаларни шакллантириш ҳамда халқаро академик алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Форум доирасида ўтказилган секциялар олий таълим тизимини модернизация қилиш, университетлар ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда таълим сифатини ошириш каби долзарб масалаларга бағишланди.
Форумнинг биринчи секцияси “Келажак муҳандислари: университет–саноат интеграцияси ва қўшма технологик ечимлар” мавзусида бўлиб ўтди. Унда муҳандислик таълимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, талабаларнинг амалий кўникмаларини ошириш, ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни кучайтириш ва қўшма инновацион лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, замонавий меҳнат бозори рақобатбардош ва юқори малакали муҳандис кадрларни талаб этмоқда. Шу боис университет ва саноат интеграцияси бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири сифатида эътироф этилди.
Иккинчи секция “Олий таълимда бошқарув, сифат ва ижтимоий трансформация” мавзусига бағишланиб, унда таълим муассасаларида самарали бошқарув тизимини жорий этиш, таълим сифатини халқаро мезонлар асосида баҳолаш ҳамда жамиятдаги замонавий ижтимоий ўзгаришларга мос равишда олий таълимни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Мутахассислар томонидан таълим тизимини рақамлаштириш, халқаро рейтингларда иштирокни кенгайтириш ва академик мустақилликни таъминлаш борасида муҳим таклифлар билдирилди.
[gallery-29589]
“Тиббий таълим, спорт ва педагогикада инновациялар ва рақамли технологиялар” мавзусида ташкил этилган учинчи секция эса иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда тиббиёт ва педагогика соҳаларида рақамли платформалардан самарали фойдаланиш, инновацион ўқитиш усулларини жорий этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда замонавий таълим технологияларини амалиётга татбиқ этиш бўйича илғор тажрибалар тақдим этилди.
Форум доирасида сўзга чиққан Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова мазкур учрашувларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, бу каби халқаро анжуманлар нафақат тажриба алмашиш, балки янги қўшма ташаббуслар ва истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини шакллантириш учун муҳим майдон эканини таъкидлади.
— Бугунги форум Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда. Илм-фан, инновациялар ва замонавий таълим технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик ҳар икки давлат учун манфаатли натижалар беради. Айниқса, университет ва саноат интеграциясини кучайтириш орқали рақобатбардош кадрлар тайёрлаш имкониятлари янада кенгаймоқда, — деди ректор.
Таъкидланганидек, мазкур секциялар икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий-академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ҳамда илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун муҳим платформа вазифасини ўтади.
Форум якунида Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари ўртасида 50 дан ортиқ меморандум ва ҳамкорлик келишувлари имзоланди. Ушбу ҳужжатлар академик мобилликни ривожлантириш, қўшма факультет ва таълим дастурларини йўлга қўйиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришни назарда тутади.
Шунингдек, форум иштирокчилари Бухоронинг бетакрор тарихий муҳити билан яқиндан танишиб, кўҳна шаҳардаги маданий мерос объектлари ва тарихий обидаларни зиёрат қилишди. Бу эса меҳмонларда Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти ва меҳмондўстлиги ҳақида янада ёрқин таассурот қолдирди.
Мазкур форум Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, олий таълим соҳасида янги имкониятлар эшигини очиш ҳамда келажакдаги қўшма инновацион тараққиёт учун мустаҳкам асос яратгани билан аҳамиятли бўлди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари