“Илк ривожланиш маркази” фаолияти йўлга қўйилди
Бухоро вилоятининг Туркманистон Республикаси билан чегарадош ҳудуди ҳисобланган Олот туманида аҳоли, айниқса, ёш авлод манфаатларини таъминлашга қаратилган яна бир муҳим ижтимоий ташаббус амалга оширилди. Туманда “Илк ривожланиш маркази” фаолияти йўлга қўйилиб, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини бепул мактабгача таълим билан қамраб олиш йўлида муҳим қадам ташланди.
Мазкур марказ Олот туманидаги 14-умумтаълим мактабининг фойдаланилмай турган биноси негизида ташкил этилди. Қисқа муддат ичида бинода замонавий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, болажонлар учун ёруғ ва шинам хоналар, зарур ўқув-услубий жиҳозлар ҳамда хавфсиз ўйин майдончалари яратилди. Бу эса кичкинтойларнинг баркамол улғайиши, билим ва кўникмаларни эрта ёшдан шакллантириши учун қулай муҳит ҳосил қилди.
[gallery-29586]
Марказ фаолиятининг дастлабки босқичида 60 нафар бола қамраб олинди. Таълим жараёнлари бир сменада, кунига 4 соатдан ташкил этилиб, болаларнинг ёши ва қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда тарбиявий ҳамда ривожлантирувчи машғулотлар ўтказилади. Бу орқали уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, ижтимоий фаоллигини кучайтириш ва мактаб таълимига пухта тайёрлаш мақсад қилинган.
Эътиборли жиҳати шундаки, марказда инклюзив таълим тамойилларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилган. Алоҳида парваришга муҳтож, имконияти чекланган болалар учун уйга бориб, индивидуал таълим бериш тизими йўлга қўйилди. Бу эса ҳар бир боланинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланаётганини, ҳеч ким эътибордан четда қолмаётганини англатади.
Марказнинг тантанали очилиш маросимида Олот туман ҳокими Наргиза Неъматова, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда ота-оналар иштирок этишди. Тадбир давомида сўз олганлар бу каби эзгу ташаббуслар жамият тараққиёти, аҳоли фаровонлиги ва ёш авлод камоли учун муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари