Янги ғоя ва янги лойиҳаларга йўл очаётган замонавий ёндашув
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг ердан фойдаланишдаги мустақиллигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ижарага олувчилар учун экинларни жойлаштиришда эркин муҳит яратиб, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот етиштиришга эътиборини янада кучайтирди ва ер муносабатларида ягона ва замонавий ёндашувни шакллантирди.
Тажрибали деҳқонлар тили билан айтганда, ер чегараси йўқ, туганмас бойлик манбаи эмас. У тупроқни улуғлаб меҳнат қилган инсонни хуш кўради. Унумдорлигини ошириб, экин парваришлашга замонавий усулда ёндашадиган миришкорни сийлаб, мўл ҳосил ва кутилган даромадни беради.

Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестицияларни кенг жалб этиш, ер эгаларининг масъулияти ва манфаатдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганида ҳам ана шундай эзгу ғоя мужассам.
Президентимизнинг 2025 йил 3 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, тармоққа инвестициялар жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қишлоқ хўжалиги ер майдонларини ижарага беришнинг янги тизимини яратиб, биринчи босқичда мамлакатимизнинг танлаб олинган ҳудудларида туман ҳокимликлари тасарруфидаги пахта ва ғалла етиштириш назарда тутилмаган бўш турган ер участкаларида жорий этилиб, яхши самаралар берди.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 24 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг ердан фойдаланишдаги мустақиллигини таъминлашга қаратилган навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан янги тизим барча ҳудудларда татбиқ этилиб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, бозор тамойилларига асосланган тартиби жорий қилинди. Ижарага олувчиларнинг экинларни жойлаштиришдаги мустақиллиги таъминланди. Юқори қўшилган қийматга эга экинлар етиштиришга эътиборни янада кучайтирди.
Деҳқончиликда бой тажрибага эга Сурхондарё вилоятида ҳам фармон ижросини таъминлаб, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестицияларни кенг жалб этиш, ер эгаларининг масъулияти ва манфаатдорлигини ошириш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси” масъулияти чекланган жамиятидан олинган маълумотларга кўра, ўтган йилнинг 1 мартидан ҳозиргача янги тизим асосида 20 минг 148 гектар ер майдони 30 миллиард 62 миллион сўмга аукцион орқали ижарага берилди. Жумладан, биринчи ва иккинчи босқичларда 976 гектар ер майдони 5 милилард 761 миллион сўмга, учинчи босқичда суғориш имконияти мавжуд бўлган 23 минг 281 гектар ер майдони 24 миллиард 707 миллион сўмга сотилди.

– Вилоятда ижарага берилган 4 минг 795 гектар майдонда юқори даромадли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, яхши ҳосил олинмоқда, – дейди дирекция бош мутахассиси Лутфулло Ғоибов. – Айни пайтда 822 гектар майдонда сув ва электр таъминотини яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Яна 295 гектар ер майдони яқинда аукцион орқали ижарага берилгани сабабли уларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ишлари бошланмоқда.
Экин майдонларидан юқори ҳосил олишда ҳудуддаги замонавий инфратузилманинг ҳам ўз ўрни бор. Тупроғи унумдор ер учун ҳам сув, электр энергияси, йўл ва бошқа зарур шароит етарли бўлмаса, ундан юқори самара олиш мушкул. Шу боис янги тизимда ер ажратиш билан бирга уни ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришга киритишда зарур инфратузилмани яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Жарқўрғон туманидаги “Ихлос 777” масъулияти чекланган жамияти Исомилтепа маҳалласида ижарага олган 30,9 гектар ер майдонида янги йилда саноатлашган сабзавотчилик плантациясини ташкил этишни мўлжалламоқда. Лекин, сув ва электр таъминоти талабга жавоб бермаслиги маълум бўлди. Лойиҳани амалга ошириш учун “Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси” масъулияти чекланган жамияти ёрдам қўлини чўзди. 130 миллион сўм маблағ эвазига оби-ҳаёт ва электр таъминотини яхшилашга кўмаклашди.

– Ер майдонимизда сабзавотларни замонавий технологиялар, механизация ва илмий асосланган агротехника ёрдамида етиштиришни йўлга қўймоқчимиз, – дейди “Ихлос 777” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Д.Жайловов. – Анъанавий сабзавотчиликда экин оқова сув билан суғорилиб, қўл меҳнатидан фойдаланилса, саноатлашган майдонларда томчилатиб оби-ҳаёт берилиши ва механизациялашгани билан фарқланади. Сув ва электр энергияси масаласи ҳал этилгани бизни янада унумли меҳнат қилишга ундади.
Тадбиркор ижарага олган ердан оқилона фойдаланиш учун саноатлашган сабзавотчиликни йўлга қўйиб, мавжуд майдонларга ишлов бериш, экиш, ўғитлаш ва ҳосилни йиғиб олиш жараёнларида замонавий техникалардан фойдаланиши қўл меҳнати ва харажатларни камайтириб, маҳсулот таннархини туширади.
Узун туманида “Жануб Зотдор чорваси” масъулияти чекланган жамияти замонавий чорвачиликни йўлга қўйиш учун 230 гектар майдонни ижарага олган. Лойиҳа доирасида хориждан 400 бош зотли соғин сигир ва наслли новвос олиб келиш учун шартнома ҳам тузган. 230 гектар майдонда чорва озуқаси учун арпа ва беда экилган.
Вилоятда ер майдонларига янги тизим асосида турли юқори қийматга эга экспортбоп экин парваришлаётган, наслдор чорвачилик билан шуғулланиб, гўшт-сут маҳсулотлари етиштиришда салмоқли даромад олаётган ер эгалари ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бу лойиҳалар қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиб, чорвачилик ва боғдорчиликни ривожлантириш, маҳсулот етиштиришдан тортиб уни қайта ишлашгача бўлган жараённи ўзаро боғлаш имконини бергани ижарага олувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
– Янги тизимнинг яна бир муҳим жиҳати – ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш билан бирга унинг иқтисодий ва молиявий механизмлари такомиллашганида яққол кўринмоқда, – дейди дейди дирекция бош мутахассиси Лутфулло Ғоибов. – Хусусан, ўтган йилдан буён дирекция ҳисобига ер участкаларини аукцион орқали сотишдан 27 миллиард 41 миллион сўм маблағ тушди. Шунингдек, вилоят бўйича ер майдонлари тоифасини ўзгартириш натижасида 413 миллиард 900 миллион сўм нобудгарчилик тўловлари ҳисобланди.
Воҳада 2026-2028 йилларга мўлжалланган ер майдонларини ўзлаштириш, қайта фойдаланишга киритиш ва сув таъминотини яхшилаш дастурлари ишлаб чиқилиб, халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан тасдиқланган. Мазкур дастурларга мувофиқ, ер майдонларини аукционда ижарага бериш, иккиламчи ижара ва нобудгарчилик тўловларидан маҳаллий бюджетга йўналтириладиган 37 миллиард 232 миллион сўм маблағ ҳисобидан уч минг гектардан ортиқ ер майдонининг сув таъминотини яхшилаш белгиланган.
Қишлоқ хўжалигида жорий этилган янги тизим шу пайтгача фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиб, янги ғоя ва янги лойиҳаларга йўл очаётгани бозорларда нарх-наво барқарорлигини ва янада обод, фаровон турмушимизни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири