Ўзбекистонда зайтун етиштириш кенгаяди: Грузия тажрибаси асос бўлмоқда
Ўзбекистонда зайтун мойига бўлган юқори талаб импорт ҳажмини оширмоқда. Шу мақсадда мамлакат Грузия тажрибаси асосида маҳаллий зайтунчиликни ривожлантиришга киришди.
Мамлакатимизда шифобахш зайтун мойига бўлган талаб юқори. Халқаро савдо маълумотлар базаларининг йиллик ҳисоботларига кўра, Ўзбекистонга ўртача 680 тоннадан 965 тоннагача зайтун мойи импорт қилинади. Бунинг қиймати 2,8–3,9 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда зайтун плантациялари ва маҳаллий зайтун мойи ишлаб чиқариш саноат миқёсида йўлга қўйилмаган. Ҳозирда бу соҳа асосан тажриба-синов ва янги лойиҳаларни амалга ошириш босқичида. Зайтун етиштириш бўйича дастлабки тажрибалар Сурхондарё ва Фарғона водийсидаги айрим участкаларда олиб борилмоқда. 2030 йилгача зайтун плантациялари майдонини 2 минг гектарга етказиш, зайтунни қайта ишлаш ва мой чиқариш корхоналарини ташкил этиш режалаштирилган.

Мамлакатимизда зайтунчиликни ривожлантириш мақсадида Грузия тажрибасини ўрганиш ва жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар ижроси доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
–Ўтган йилдан бошлаб зайтунзорлар барпо қиляпмиз, – дейди Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов. – Сурхондарёда совуққа чидамли навлардан 3 мингта кўчат экилгани жуда яхши натижа берди. Бу йил ушбу тажрибани кенгайтириш мақсадида 5 мингга яқин кўчат олиб келиниб, “Бандихон” тажриба станциямиздаги 20 гектар ерда экиш ишлари ташкил қилинди. Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида алоҳида кўчатчилик питомниги орқали грузиялик мутахассисларнинг тажрибаси ўрганилиб, кейинчалик бутун республикамизга оммалаштирилади.

Қишлоқ хўжалиги вазири И.Абдураҳмонов Грузия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ хўжалиги вазири Давид Сонгулашвили билан биргаликда Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтига ташриф буюрди. Ташриф чоғида институтнинг Тошкент вилоятидаги 1 гектар майдонида 500 туп зайтун кўчати экиш ишларига старт берилди. Шу муносабат билан “Ўзбекистон – Грузия дўстлик зайтун боғи” барпо этилди.
Ўзбекистонда зайтун етиштириш бўйича ҳамкорлик ишлари аввалроқ бошланган. Хусусан, 2025 йилда Грузиядан зайтуннинг “Гемлик” навига мансуб 4 200 туп кўчат олиб келиниб, институтнинг Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги “Бандихон” илмий-тажриба станцияси 10 гектар майдонига экилган. Ҳозирда ушбу кўчатларнинг ўсиши, ривожланиши ва маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослашуви мунтазам кузатилмоқда. Мазкур нав эртапишарлиги, нисбатан паст ҳароратларга чидамлилиги ва қаламчаларининг яхши илдиз олиши билан ажралиб туради. Унинг меваларидан истеъмол учун ҳамда зайтун мойи ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Лойиҳа доирасида зайтун кўчатларининг маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослашуви, ўсиш ва ривожланиш хусусиятлари, парваришлаш технологиялари ҳамда ҳосилдорлик имкониятлари илмий асосда ўрганилади.

Шунингдек, Грузия тажрибасини ўзлаштириш, илғор агротехнологияларни жорий этиш ва ушбу йўналишда илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратилади. Учрашувда Ўзбекистонда зайтун плантацияларини кенгайтириш, маҳсулотни қайта ишлаш ва зайтун мойи ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, шунингдек, мазкур йўналишда малакали кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Келгусида тўпланган тажриба асосида зайтун етиштириш агротехнологияларини такомиллаштириш, кўчатларни кўпайтириш ва янги плантациялар барпо этиш бўйича илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган. Бундай ташаббуслар қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, тармоқда инновацион ёндашувларни кенгайтириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар етиштириш ҳамда аҳолининг зайтун мойига бўлган талабини қондиришда муҳим аҳамият касб этади.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА