Янги фавворанинг очилиш маросими ўтказилди
Маълумки, 1 май мамлакатимизда Фавворалар куни сифатида нишонланади. Зотан, фавворалар юрт ободлигини ифодаловчи маданий манзарадир.
Байрамга байрамона туҳфа деганларидек, Яккасарой туманидаги Бобур маҳалласида 1 май — Фавворалар куни муносабати билан янги фаввора ишга туширилди.


Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида туман масъуллари, маҳалладаги депутат, нуронийлар ва фаол фуқаролар иштирок этиб, ҳудуд ободончилиги йўлида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Янги фаввора замонавий талаблар асосида барпо этилган бўлиб, унда 200 тонна сув сиғими, 8 та насос ва 55 та сув пуфлагич ўрнатилган. Бу эса маҳаллага янада кўрк бағишлаб, аҳоли учун хушманзара дам олиш масканига айланиши шубҳасиз.


Яккасарой туманида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар ҳудуднинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилаётгани таъкидланди.
Қайд этиш жоизки, бундай ободончилик ишлари мамлакатимизнинг барча гўшаларида бирдек олиб борилмоқда.
Шербек Исломов, ЎзА