Янги босқичга қадам қўяётган ҳамкорлик
Кўҳна тарих ва бугуннинг замонавий тараққиёти уйғунлашган Самарқанд шаҳрида 3 апрелдан бошлаб “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитининг илк маротаба ўтказилиши нафақат минтақа, балки халқаро ҳамжамият эътиборини тортаётган муҳим воқеалардан бири бўлди.
Шу кунларда бутун дунё нигоҳи Самарқандга қаратилгани бежиз эмас – бу қадим шаҳар яна бир бор глобал даражадаги мулоқотлар ва стратегик ташаббусларга мезбонлик қилди.
Ушбу саммит “Келажакка сармоя киритиш”, деган шиор остида ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, бугун Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқалар тобора кенгайиб, икки томонлама манфаатларга асосланган ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётгани яққол кўзга ташланмоқда. Айниқса, глобал таҳдидлар – иқлим ўзгариши, миграция, сув ресурслари танқислиги, энергетик хавфсизлик каби муаммолар фонида бундай мулоқотлар беқиёс аҳамият касб этади.
Шубҳасиз, бу саммит Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлиги, минтақавий интеграцияга қаратилган қатъий позицияси ва халқаро миқёсдаги ишончли шерикка айланганининг яна бир исботи бўлди. Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ҳар бир ташаббус – хоҳ у экология, хоҳ иқтисодиёт, хоҳ таълим ёки маданият йўналишида бўлсин – бугунги глобал кун тартибидаги долзарб масалаларга амалий ечим топишга қаратилган бўлиб, халқаро майдонда эътироф этилмоқда.

Саммит доирасида транспорт ва логистика, рақамли инфратузилма, яшил энергетика, сув ресурсларини бошқариш, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва туризм каби кўплаб йўналишларда стратегик битимлар ҳамда қўшма дастурлар муҳокама қилинди. Айниқса, Транскаспий халқаро транспорт йўлаги, яшил иқтисодиёт, таълим алмашинуви дастурлари каби ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши минтақанинг узоқ муддатли тараққиётига хизмат қилади.
Мазкур саммит билан бир вақтда ўтаётган Самарқанд халқаро иқлим форуми эса минтақамизнинг экологик барқарорлиги, яшил тараққиёт ва глобал иқлим ўзгаришларига мослашиш борасидаги ёндашувларига эътибор қаратаётган яна бир муҳим ташаббусдир. Бу форумда қабул қилиниши кутилаётган “Яшил ривожланишнинг минтақавий концепцияси” Марказий Осиё давлатлари учун ягона экологик ёндашувни шакллантиришда муҳим ҳужжат бўлиши мумкин.
Навбатдаги эътиборли жиҳат шундаки, бу сафарги форумда Оролбўйи ҳудудларининг экологик тикланиши, чўлланишга қарши курашиш, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича ҳам аниқ механизмлар илгари сурилмоқда. Албатта, бу каби амалий таклифлар ва ечимлар бутун инсоният манфаатларига хизмат қилади.
Мен иқтисодчи олим сифатида бу учрашувларнинг иқтисодий жиҳатдан қандай салоҳиятга эга эканини чуқур ҳис қиламан. Европа Иттифоқи билан барқарор ва изчил ҳамкорлик нафақат инвестициялар оқимини кўпайтиради, балки экспорт-импорт ҳажмларининг мутаносиб ошишига, янги иш ўринлари яратилишига ва инновацион технологияларнинг кириб келишига кенг йўл очади. Айниқса, ёшлар учун рақамли таълим, илмий алмашинув ва халқаро амалиёт имкониятларининг кенгайиши – келажак авлод тараққиётининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Самарқанд саммити минтақамиз давлатлари ўртасидаги ўзаро ишонч, умумий манфаатлар ва бирдамлик асосидаги ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Айниқса, глобал иқлим муаммолари фонида ягона экологик ёндашувни шакллантириш бўйича ҳаракатлар бутун инсоният тақдирига дахлдор масалага айланганини кўрсатмоқда.
Шундай экан, бугунги кун ўз олдимизга янги марраларни қўйиш, янгича ёндашувлар асосида ҳаракат қилишни талаб қилмоқда. Бу борада давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, халқаро ташкилотларнинг кўмагида қабул қилинаётган қарорлар, хусусан, “Самарқанд декларацияси” минтақа ва Европа ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичини бошлаб берадиган тарихий ҳужжат бўлиши шубҳасиз.
Хулоса қилиб айтганда, бу саммит нафақат сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки иқлим ўзгаришига қарши курашиш, яшил тараққиёт сари жиддий қадамлар қўйиш, маданиятлараро мулоқотни кенгайтириш ва барқарор келажакни барпо этиш йўлидаги муҳим тарихий босқичга айланиши мумкин.
Самарқандда бўлаётган ушбу тарихий воқеалар ҳар биримизга катта масъулият юклайди – илмий жамоатчилик, ёшлар, тадбиркорлар, экологлар, иқтисодчилар ва барча соҳа вакиллари бу жараёнларда фаол иштирок этиши, ўз ғоя ва ташаббусларини илгари суриши замон тақозоси, десак асло муболаға бўлмайди.
Муҳиддин Калонов,
Навоий давлат университети ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
ЎзА