Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг ўрни беқиёс.
Бугунги глобаллашаётган дунёда соҳа кадрларини замон талабларидан келиб чиқиб мутлақо янгича йўналишларда тайёрлаш, янги авлод спортчилари ва тренерларини етиштириш орқали натижадорликка эришиш, ватан келажагини белгилайдиган ҳар томонлама баркамол инсонни камол топтириш жисмоний тарбия ва спорт соҳаси олдидаги муҳим вазифалардан бири саналади.
Спорт вазирлиги ҳузуридаги Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг навбатдаги йиғилишида шу ҳақда сўз борди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон давлат спорт академияси фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, биринчи навбатда Олий спорт маҳорати институти учун тайёрланган 18 номдаги ўқув адабиётлари муаллифлар томонидан қайта кўриб чиқилиб, Ўзбекистон давлат спорт академияси учун мослаштирилган ҳолда нашрга тайёрлангани таъкидланди.
Муҳокамалар жараёнида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бакалавриат таълим йўналишлари талабалари ҳамда малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари тингловчилари учун тайёрланган ўқув-услубий адабиётлар кўриб чиқилди.
Фикр-мулоҳаза ва таклифларга бой тарзда кечган йиғилишда мутахассисларга хориж тажрибаси асосида ўқув-услубий адабиётларни янги услуб ва назарияларни жорий этган ҳолда тайёрлаш вазифаси юклатилди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА