Янги Андижон нафаси: тараққиёт, бунёдкорлик ва халқ фаровонлиги йўлидаги улкан қадамлар
Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга навбатдаги ташрифи ҳар бир андижонлик қалбида чексиз фахр ва ҳаяжон уйғотди. Бугун Андижон замини улкан бунёдкорлик майдони, янгиланиш ва юксак марралар марказига айланмоқда. Ҳар бир маҳалла, ҳар бир корхона ва муассасада сезилаётган бу ўзгаришлар туб моҳиятида инсон манфаатлари, халқимизнинг розилиги ва фаровон турмуш тарзини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.
Мазкур ташриф доирасида кўздан кечирилган объектлар, ишга туширилган йирик лойиҳалар вилоятимизнинг яқин келажакдаги тараққиёт стратегиясини белгилаб бериб, андижонликларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.
Хусусан, Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи Андижон халқаро аэропортида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошланди. 1978 йилда ишга туширилган ва вақт ўтиши билан замон талабларидан орқада қола бошлаган мазкур аэропорт бугун янги ҳаёт нафасини олмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг бундан уч йил аввалги топшириқлари асосида бошланган модернизация жараёнлари бугун ўз мевасини бермоқда. Умумий қиймати 1,1 триллион сўм бўлган лойиҳа доирасида аэропорт инфратузилмаси тубдан янгиланди. Қурилаётган янги икки қаватли замонавий терминал биноси ишга тушгач, хизмат кўрсатиш қуввати 5 баробар ошади.

Эндиликда кенг фюзеляжли йирик ҳаво кемаларини қабул қилиш имконияти яратилгани, йиллик авиарейслар сони 2,5 мингтага, йўловчилар оқими эса 3,5 миллион нафарга етказилиши режалаштирилаётгани ҳудудимизнинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтиради. Бу ўз навбатида, хорижий инвесторлар ва сайёҳлар учун улкан қулайликлар яратади.
Ташриф давомида Андижон туманида ташкил этилаётган “Andijon Jinlun yangi energiya” корхонаси фаолияти ҳам Президентимизда катта қизиқиш уйғотди. Тоғли ва сув ресурсларига бой минтақамизда кичик гидроэлектр станциялари ва уларнинг ускуналарига талаб кун сайин ортиб бормоқда.
Умумий қиймати 20 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилиб, 2027 йилда тўлиқ қувватга чиқади. Корхонада йилига 70 миллиард сўмлик 100 та кичик ГЭС мажмуаси ва ускуналари ишлаб чиқарилиб, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинади. Бу каби лойиҳалар мамлакатимизда “яшил” энергетикани ривожлантириш, аҳоли ва саноат корхоналарини барқарор ҳамда арзон энергия билан таъминлашда муҳим қадамдир.

Шунингдек, пахта толасини чуқур қайта ишлашга қаратилган “Eco Cotton” трикотаж корхонаси ҳам эътиборга молик. Лойиҳага 10 миллион доллар сармоя киритилиб, 1 мингта доимий иш ўрни яратилди. Сунъий интеллект ва рақамли бошқарув тизимлари билан жиҳозланган мазкур корхона йилига 10,5 миллион долларлик экспорт салоҳиятига эга бўлиб, Россия, Беларусь, Европа ва Осиё бозорларига сифатли маҳсулотлар етказиб бермоқда.
Президентимиз иштирокида вилоятимиз тарихида мисли кўрилмаган 9 миллиард 400 миллион долларлик 206 та инвестиция лойиҳасининг ишга туширилиши ва қурилишига старт берилиши андижонликлар учун чинакам байрамга айланди дейиш мумкин. Энергетикадан тортиб тиббиёт ва таълимгача бўлган соҳаларни қамраб олган мазкур ташаббуслар натижасида 45 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиб, йилига 60,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва 533 миллион долларлик экспорт имконияти яратилиши энг аввало, ҳар бир оиланинг даромадини ошириб, фарзандларимизнинг бандлигини таъминлаб, юртдошларимизнинг бугунги ҳаётдан розилигини янада мустаҳкамлайди.

Янги саноат корхоналарини барпо этиш билан бирга, улар учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам доимо эътибор марказида. “Ипак йўли” саноат зонасида ташкил этилган “Андижон-Ҳуаня” халқаро техникуми бунинг яққол иснотидир. Қиймати 15 миллион доллар бўлган ва тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига қурилган мазкур муассасада 5 минг нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий шароитлар яратилган. Дуал таълим тизими орқали ёшлар назарий билимларни техникумда эгаллаб, амалиётни саноат зонасидаги йирик корхоналарда ўтамоқда. Бу эса ёшларимизнинг эртага иш топиши, муносиб даромад олиши ва жамиятда ўз ўрнини топишини кафолатлайди.
Умуман олганда, Андижонда амалга оширилаётган бундай мислсиз ўзгаришлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ёшларимизнинг порлоқ келажагини таъминлаш ҳамда вилоятимизнинг иқтисодий қудратини янада оширишга хизмат қилади. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда: “Халқ розилиги – барча ислоҳотларимизнинг бош мезонидир”.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат,
соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА