Яна 200 мингдан ортиқ истеъмолчига “Тўпаланг” сув омбори суви етказилди
Президентимиз ташаббуси билан “Тўпаланг" сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилояти сув таъминотини яхшилаш” лойиҳаси доирасида барпо этилаётган тоза ичимлик суви қувурлари энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Жарқўрғон, Ангор ва Шеробод туманларига етиб келди.
Шу муносабат билан Шеробод туманида бунёд этилган ўн минг метр-куб сув сиғимига эга замонавий иншоотда бўлиб ўтган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов маросим иштирокчиларини мустақиллигимизнинг 35 йиллиги билан қутлади. Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаб, уларнинг тинч, тўкин яшаши учун яратилаётган шароитлар ҳақида сўз юритди.
Қиймати 287 миллион долларлик йирик лойиҳа Сурхондарё вилоятида 1 миллион 700 минг истеъмолчини тоза, зилол сув билан таъминлайди. Шу кунгача Сариосиё, Денов, Олтинсой, Шўрчи, Қумқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Термиз тумани ва Термиз шаҳри аҳолисига етказиб берилган эди. Эндиликда Жарқўрғон, Ангор ва Шеробод туманлари аҳолиси ҳам экологик тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўла бошлади. Бунинг учун вилоят бўйлаб 320 километр сув тармоғи тортилди. Бир кеча-кундузда 200 минг метр куб қувватга эга ичимлик суви тозалаш иншооти, ўнта сув сақлаш ҳовузи, босимни сўндириш иншооти қурилди. Жарқўрғон, Ангор ва Шеробод туманида ичимлик сув таъминотини тубдан яхшилаш учун 10 минг метр-куб сиғимга эга сув сақлаш ва тарқатиш иншоотлари барпо этилди. Шу пайтгача аксарият маҳалла ва қишлоқларга сув ҳафтасига ўртача 4-6 соат етказиб берилган бўлса, тоғ қўйнидаги зилол сув етиб келиши билан 24 соатлик узлуксиз таъминот йўлга қўйилди. Ичимлик сувининг қаттиқлик даражаси ҳам икки баравар камайди.
Воҳада амалга оширилаётган мега лойиҳа шу кунгача вилоятнинг 200 га яқин маҳалласида яшайдиган қарийб 800 минг кишининг тоза ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилади. Ана шу истеъмолчиларнинг 200 мингдан ортиғи Жарқўрғон, Ангор ва Шеробод туманларида яшайди.
– “Тўпаланг” сув омбори сувининг ўз оқими билан Термиз шаҳри ва туманларга етказиб берилиши аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш баробарида энергияни тежаб қолишга хизмат қилмоқда, – дейди “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Шуҳрат Эрматов. – Жумладан, шу пайтгача воҳадаги 105 та ер ости сув қудуғида сув таъминоти тўхтатилиб, 18,4 миллион кВт электр қуввати ёки 18,5 миллиард сўм маблағ тежалди. Жорий йил учун 100 миллиард сўм ва 31,8 миллион доллар маблағ ажратилиши белгиланган. Ўтган даврда 479 миллиард сўм маблағ эвазига 95 километр тармоқ ҳамда Ангор ва Шеробод туманларида иккита сиғими 10 минг метр-куб бўлган сув сақлаш ҳовузи қурилди. Йил якунигача Музработ туманидаги 9 та маҳаллада яшовчи 36,7 минг истеъмолчининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш кўзда тутилган.
Мегалойиҳада қурилиш ишлари давом этмоқда. Шерободда 23,3 километр, Қизириқда 15, Музработда 27,9, Ангорда 13,8, Жарқўрғонда 14,3 километр тармоқ тортилиб, уларнинг ҳар бирида биттадан сув иншооти барпо этилмоқда. Жарқўрғон туманидаги “Сурхон” аҳоли пунктида 23,3 километр тармоқ қурилади.
Йирик лойиҳа тўлиқ якунлангач, вилоятнинг Сариосиё, Денов, Шўрчи, Олтинсой, Қумқўрғон, Бандихон, Жарқўрғон, Қизириқ, Шеробод, Музработ, Ангор, Термиз тумани ва Термиз шаҳридаги 302 та маҳаллада яшайдиган бир миллион 700 минг кишининг ичимлик суви таъминоти яхшиланиб, аҳоли тоза, сифатли оби-ҳаётдан баҳраманд бўлади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири