Яман: Ички можаро қандай қилиб минтақавий урушга айланди?
Яман можароси дастлаб ички сиёсий инқироз сифатида бошланган эди. Афсуски, сўнгги 15 йил ичида хусийлар, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон ва Ғарб давлатлари манфаати тўқнашиб, йирик минтақавий қарама-қаршилик юзага келди.
Ҳаммаси 2011 йил Президент Али Абдуллоҳ Солиҳга қарши оммавий норозилик намойиши билан бошланди. У ҳокимиятдан кетгач, етакчиликни Абд Раббуҳ Мансур Ҳодий зиммасига олди. Бу сиёсий ўтиш даври эса заиф бўлиб чиқди.
Арабистон ярим ороли жануби-ғарбида жойлашган Яман Саудиядан кейин иккинчи йирик давлат ҳисобланади. Мамлакат шарқдан Араб, ғарбдан Қизил денгизлар билан чегарадош. Қизил денгизга киришни назорат қилиш мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга. 2011 йилдан бери Яман фуқаролик можаросига ботган, 2014 йил хусийлар Санани эгаллаб, 2015 йил бошида Президент саройини назоратга олган. Ҳодий мамлакатдан қочиб, бошқа араб давлатларидан ёрдам сўраган. Шу йил март ойида Саудия хусийларга қарши аралаша бошлаган ҳарбий коалиция тузди. Афсуски, кутилган тез ғалаба ўрнига, можаро узоқ давом этган урушга айланди. Шу аснода хусийлар рақобатчилари ҳам иккига бўлиниб кетди. БАА жанубий мустақилликни ҳимоя қилган Жанубий ўтиш кенгашини қўллаб-қувватлади, Ар-Риёд эса бирлашган Яманни сақлаб қолишга содиқ.

2022 йил томонлар сулҳ тузиб, 2023 йил Саудия ва Ўмон хусийлар билан бевосита музокара бошлади. Ғазо секторидаги уруш эса вазиятни яна ўзгартирди. 2023 йил охиридан бошлаб хусийлар Қизил денгизда кемаларга ҳужум қила бошлади ва фаластинликларни қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Бунга жавобан АҚШ ва Буюк Британия хусийлар манзилларига зарба берди, Исроил ҳам илк бор Ямандаги нишонларга тўғридан-тўғри ҳужум қилди.
2026 йил Яман можароси яна бир бор йирик минтақавий можаро қисмига айланди. Хусийлар сентябрда Саудия жанубига қатор ҳужумларни амалга оширди. Қолаверса, Яман ғарбий қирғоғи бўйлаб олдинга силжиди ва стратегик Ал-Муха портини эгаллади. Куни кеча глобал савдо йўли ҳисобланган Боб Ал-Мандиб бўғози эгалланганини эълон қилди.

Хуллас, Яман яна бир бор кескинлашув ёқасига келиб қолди. Бир мамлакат ичида ҳокимият учун кураш сифатида бошланган қарама-қаршилик энди Қизил денгиз хавфсизлиги, нефть таъминоти ва Яқин Шарқдаги кенг таъсир учун кураш билан бевосита боғлиқ минтақавий можаро тусини олди.
Эрон аллақачон Ҳурмуз бўғози орқали транспорт ҳаракатини бузаётган бир пайт хусийлар Боб Ал-Мандиб бўғозини назорат қилиши Теҳрон АҚШ ва Форс кўрфазидаги иттифоқчилар устидан янги, кучли таъсирга эга бўлиши мумкин, дея таъкидламоқда кузатувчилар.
Яман ҳукумати икки манбаси хусийлар Перим ороли рўпарасида жойлашган Дубоб шаҳрига ҳам етиб келгани ҳақида хабар берган. Ушбу икки стратегик муҳим нуқтани эгаллаш бўғоз устидан тўлиқ назорат ўрнатиш учун калит экани таъкидланган.
Минтақада гуманитар вазият ҳам кескинлашган. Хусусан, БМТ Халқаро миграция ташкилоти маълумотига кўра, ўтган ҳафта Яман жануби-ғарбида хусийлар ва ҳукумат тарафдорлари ўртасида қайта жанг бошлангандан бери камида 46 000 киши уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Яман воқеалари нефть нархига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Май ойи ўрталаридан бери биринчи марта қора олтиннинг бир баррели 100 доллардан юқорилади. Охирги савдода Брент нефти фючерси 1,05 доллар, яъни 1 фоиз кўтарилиб, баррель учун 108,68 долларга чиқди. Ҳафта давомида асосий индекс қарийб 13 фоиз ошган.
– Бу ҳали чегара эмас, – дейди мутахассислар.
С.Раҳимов,
ЎзА шарҳловчиси