Якунда носоз кондиционер алмаштириб бериладиган бўлди
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни ҳимоя қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва истеъмол маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшовчи фуқаро туман марказидаги савдо мажмуасидан 3 миллион 700 минг сўмга “TECH” русумли кондиционер харид қилган. Бироқ орадан бир неча кун ўтиб, у носоз ҳолга келиб, совитмай қўйган. Фуқаронинг дўконга мурожаати эътиборсиз қолдирилгани эса унинг қонуний ҳуқуқлари бузилганидан далолат беради.
Шундан сўнг фуқаро туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассисларига мурожаат қилди. Масала атрофлича ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилди ва натижада носоз кондиционер шу русумдаги янги, сифатли маҳсулотга алмаштириб берилди.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай ҳолатларда фуқаролар ўз ҳуқуқларини билиши ва ҳимоя қилишдан чўчимаслиги муҳим. Чунки амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчи сифатли маҳсулот харид қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, нуқсонли товар сотилган тақдирда уни алмаштириш ёки маблағни қайтариш сотувчининг бевосита мажбурияти ҳисобланади.
Ушбу ҳолат истеъмолчилар ҳуқуқлари амалда самарали ҳимоя қилинаётганининг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Шу билан бирга, бундай амалий ёрдамлар фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлаб, бозор муносабатларида адолатли ва шаффоф муҳитни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири