Яккасаройдаги 350 ёшли тут дарахти давлат муҳофазасига олинди
Ноёб турдаги ва кўп йиллик дарахт ҳамда буталарни асраб-авайлаш бугунги экологик вазиятда долзарб аҳамиятга эга ҳисобланади. Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгашига фуқаролар томонидан келиб тушган мурожаат асосида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2026 йил 22 июлдаги қарорига мувофиқ, Яккасарой тумани “Мовий гумбазлар” хиёбони ҳудудида жойлашган 350 ёшли оқ тут дарахти (Морус алба) давлат табиат ёдгорлиги деб эълон қилинган.
Мазкур қарорнинг ижросини сифатли ташкил этиш, ноёб дарахтни муҳофаза қилиш ва унинг атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларни белгилаб олиш мақсадида ҳудудда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва Яккасарой туман Кенгаши депутатлари, Экопартия Яккасарой туман Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар Экология бошқармаси ва Яккасарой тумани ҳокимлиги вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар иштирок этди.
Жараён давомида 350 ёшли оқ тут дарахтининг бугунги ҳолати, уни сақлаш ва муҳофаза қилиш учун яратилган шароитлар, дарахт жойлашган ҳудуднинг ободонлаштирилиш ҳолати атрофлича кўздан кечирилди.

Хусусан, давлат табиат ёдгорлиги мақомини олган дарахтнинг атрофи тегишли талаблар асосида ўралиши, ҳудуд ободонлаштирилиши, дарахтни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш учун зарур шароитлар яратилиши ҳамда унинг алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий объект эканини акс эттирувчи тегишли ахборот белгиларини ўрнатиш масалалари кўтарилди.
Ўрганиш якунида оқ тут дарахтини ишончли муҳофаза қилиш ҳамда унинг атрофидаги ҳудудни обод ва тартибли ҳолатга келтириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди. Мазкур масалаларнинг ижроси депутатлик ва жамоатчилик назорати доирасида кузатиб борилиши белгиланди.
М.Комилова, ЎзА