Яккасарой тумани Мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 1964 йилда қурилган “Ниҳол” номли 358-сонли мактабгача таълим ташкилоти 480 ўринли бўлиб, 16 та гуруҳдан иборат эди.
Бугун эса муассаса қуввати 720 ўринни ташкил этмоқда. Инвестиция дастурига асосан, бу ерда 16 миллиард 200 минг сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилди. 240 та бўш ўрин ва 18 иш ўрни яратилди. Замонавий кўриниш берилиб, биринчи қаватдаги йўлаклар бинодан бинога ўтиш учун мўлжалланди. Кириш дарвоза ёнига болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида янги назорат текширув пункти ташкил этилди. Ёзги майдончалар, футбол ва баскетбол майдончалари ҳамда 2 та болалар сузиш ҳавзаси, омборхона бутунлай янгидан қурилди. Қўшимча бино барпо этилди.
Бугун мутасадди раҳбарлар, болажонлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида мазкур таълим муассасасининг очилиш маросими тантанали равишда ўтказилди.
Замонавий кўринишга келтирилган ва барча шарт-шароитлар яратилган ушбу мактабгача таълим ташкилотида тарбияланган болалар Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб улғайишига умид билдирилди.
М.Қосимова, ЎзА