Сўнгги вақтларда халқнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этишга бел боғлаган раҳбарлар сони ортаётгани қувонарли ҳол.
Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ҳам фуқаролар мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда бўлиб ўтаётган сайёр қабуллар эса пойтахт аҳолисининг кадастрга тааллуқли муаммоларини ҳал қилишда юксак натижалар бермоқда.
Бу галги қабулда бошқарма бошлиғи Жасурбек Каримов томонидан Яккасарой ҳамда Миробод тумани аҳолисининг кадастрга оид масалалари атрофлича ўрганилди.
– Қабулларда асосан фуқаролар томонидан кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, мерос масалаларида саволлар берилади, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Жасурбек Каримов. – Ҳар бир мурожаатчига керакли тушунтириш берилди. Зарурат туғилса, ходимлар томонидан масалага аниқлик киритиш учун жойига чиқиб ҳам ўрганиш олиб борилади. Бундан ташқари, аҳолига янада қулай бўлиши учун маҳаллалар кесимида ҳам улар билан мулоқот қилиб, кадастр масалаларига ечим топишга ҳаракат қиляпмиз. Мақсадимиз фуқароларга янада яқин бўлиб, уларнинг мушкулини осон қилиш.
– Бугунги сайёр қабулга уй-жой масаласида келдим. Мутасаддилар мени диққат билан тинглаб, мурожаатим бўйича керакли ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар беришди. Бу каби қабуллар тез-тез ўтказилса, албатта бу фуқаролар учун жуда манфаатли бўлади, – дейди Шоҳида Алимова.
Ўтказилган сайёр қабулда аксарият масалалар жойида ҳал этилди. Ўрганилиши вақт талаб қилган мурожаатлар юзасидан мутасаддиларга топшириқ берилиб, ижроси назоратга олинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА