«Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!»
Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган фотокўргазма ушбу эзгу шиорни ўзида уйғунлаштиргани, мамлакатимиз тараққиётининг ёрқин манзараларини намоён этгани билан диққатга сазовор бўлди.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ҳамда ҳамкор ташкилотлар — Ўзбекистон Бадиий академияси, “Ўзархив” агентлиги ва Тошкент Фотосуратлар уйи ҳамкорлигида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” бош ғояси остида фотокўргазма ташкил этилди.

Энг улуғ, энг азиз айём — Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган мазкур фотокўргазманинг очилиш маросимига турли вазирлик ва идоралар, мамлакатимиздаги хорижий элчихоналар вакиллари, кенг жамоатчилик, ижодкорлар ҳамда талаба-ёшлар таклиф этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўтган 35 йиллик давр мобайнида Ўзбекистон улкан тараққиёт йўлини босиб ўтганини, мамлакатимиз ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришлар юртимизнинг бугунги қиёфасида яққол намоён бўлаётганини таъкидлади. Мазкур фотокўргазма эса ана шу тараққиёт йўлининг ўзига хос кўзгуси сифатида намоён бўлди.
[gallery-31003]
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги директорининг ўринбосари Шерзод Содиқов, Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Қаҳрамон Қўлдошев, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев, Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерали Тўғжанов ва бошқалар ўз чиқишларида кўргазманинг тарихий ва маънавий аҳамияти хусусида фикр билдирди.
— Агентлигимиз ўз фаолият солномасини 1918 йилдан бошлаган, — деди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев. — Шу вақт мобайнида агентликда улкан ва уникал фотожамланма шаклланган. Бугунги кунда ушбу ноёб тарихий суратлар фотобанкини яратиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар якунига етгач, фотография санъати мухлислари юртимизнинг энг яқин тарихига оид ноёб фотосуратлардан баҳраманд бўлишлари мумкин. Мазкур кўргазма Ўзбекистон тарихининг кадрларга муҳрланган нодир тасвирларини, айниқса, истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқларни юртдошларимизга тақдим этиши билан аҳамиятли.
— “Ватан” сўзи барчамиз учун муқаддас тушунча, — деди Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерали Тўғжанов. — Халқларимиз азалдан қондош-қардош бўлиб келган. Бугунги кунда ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар барча жабҳаларда шиддат билан тараққий этмоқда. Ўзбекистоннинг истиқлол йилларида эришилган ютуқларини намойиш этишда бу каби кўргазмаларнинг аҳамияти ғоят катта.
Фотокўргазмада мамлакатимизнинг 1928 йилдан то ҳозирги давргача бўлган тарихи кенг ёритилган. Унда юртимиз ҳаётининг турли даврларига оид нодир фотосуратлар, хусусан, мустақилликнинг илк йилларида нишонланган байрам тадбирлари, саноат ривожи, хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалар, таълим соҳасидаги ютуқлар, спортчиларимизнинг халқаро мусобақалардаги муносиб иштироклари ўз аксини топган.
Шунингдек, саноат ва ишлаб чиқариш, ижтимоий соҳа, миллий анъана ва қадриятларни равнақ топтириш борасида амалга оширилган эзгу ва тизимли ишлар ҳам фотосуратлар орқали ёрқин ифода этилган.
150 дан ортиқ фотосуратни ўзида жамлаган кўргазма экспозицияси тараққиётнинг шиддатли одимлари бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўзининг ёрқин ифодасини топаётганини акс эттиргани билан диққатга сазовор.
Кўргазмада намойиш этилган ҳар бир фотосурат муайян давр, воқеа ва инсонлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Уларда мамлакатимиз ҳаётида юз берган тарихий ўзгаришлар, халқимизнинг орзу-интилишлари, бунёдкорлик ва янгиланиш жараёнлари ўз ифодасини топган.
— Ўтган йиллар давомида жонажон Ватанимиз — Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар юз берди, — деди афсонавий сухандон Галина Мельникова. — Бугун Ўзбекистон жаҳонга ўз сўзини айтмоқда. Унинг дунё ҳамжамиятида ўз ўрни, мавқеи бор. Юртимизда барча жабҳаларда жадал ривожланиш жараёнлари кечмоқда. Мақсад сари интилувчан, дадил ёшларимизга кўплар ҳавас қилади. Улар бугун янги ҳаёт, янги келажакни яратмоқдалар. Ушбу кўргазма ўзини шу азиз диёрнинг фарзанди деб билган ҳар бир инсон қалбида чексиз ғурур ва ифтихор уйғотади. Мен Ўзбекистон билан ғоят фахрланаман.
Дарҳақиқат, ушбу фотокўргазма орқали тарихий хотира ва бугунги тараққиёт ўртасидаги ўзаро узвий боғлиқлик, халқимизнинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари яққол намоён бўлади.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов, Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА мухбирлари