Ягона талаблар асосида тиббий ахборот тизими жорий қилинади
“Тиббиёт соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан ягона талаблар асосида тиббий ахборот тизимини жорий қилиш белгиланди.
2027 йил 1 апрелдан бошлаб тиббий фаолиятни лицензиялашда тиббиёт ташкилотларининг ахборот тизимларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган ягона талабларга (стандартларга) мослаштирган ҳолда Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига мажбурий тартибда бепул интеграция қилиш орқали маълумот алмашинувини таъминлаш шартлари киритилади.
Тиббиёт ташкилотлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини, шунингдек, лицензия талаб ва шартларига амал қилинишини масофавий баҳолаб бориш орқали назорат қилиш йўлга қўйилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда барча тиббиёт ташкилотлари ахборот тизимларига қўйиладиган ягона талабларни (стандартларни) тасдиқлайди.
Ташхислаш ва даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколларнинг электрон шаклидан фойдаланиш имконини берувчи маълумотлар базасини яратади ва унинг доимий янгиланиб борилишини таъминлайди.
ЎзА