Ягона спорт таснифини такомиллаштириш давр талабими?
Спорт вазирлигида комиссия аъзолари, федерациялар ва ассоциацияларнинг масъул ходимлари, спорт таълим муассасалари ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида Ягона спорт таснифини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Хўш, Ягона спорт таснифининг асосий тамойиллари қандай жиҳатларда ўз аксини топади? Уни такомиллаштириш, халқаро талабларга мослаштиришдан кўзланган асосий мақсад нима?
– Ягона спорт таснифини такомиллаштиришдан асосий мақсад спортчиларнинг натижаларини холис баҳолаш, спорт унвонлари ва разрядларини бериш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда миллий спорт таснифини халқаро мезонларга мувофиқлаштиришдан иборат бўлиб, ушбу масала ўтган йиллар давомида бир-неча бор муҳокамалар марказида бўлди. Таснифнинг бошқа мамлакатларда қай тартибда олиб борилиши ўрганилди, – дейди Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Миржамол Юнусов.

Йиғилишда амалдаги Ягона спорт таснифи спорт турлари, ўтказилаётган чемпионатлар, халқаро мусобақалар ҳолатида, уларда қайд этилаётган натижалар кесимида таҳлил қилинди.
Спорт унвонлари ва разрядларини олиш учун белгиланган меъёр ва талабларни қайта кўриб чиқиш, спортчиларнинг ёш тоифалари, спорт натижаларини баҳолаш мезонларини такомиллаштириш ҳамда халқаро тажрибани миллий таснифга татбиқ этишга эътибор қаратилди.

Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатлари ҳамда бошқа нуфузли халқаро мусобақалар натижаларини инобатга олган ҳолда спорт унвонлари ва разрядларини бериш талабларини соддалаштириш юзасидан фикрлар билдирилди.
Муҳокамалар жараёнида таклифларни умумлаштириш, зарур ўзгартириш ва қўшимчаларни ишлаб чиқиш, янги спорт турларини таснифга киритиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида янги таҳрирдаги Ягона спорт таснифи лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Т. Рўзиев, ЎзА