Фармон ва ижро
Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.

Жумладан, Ўрта Чирчиқ туманида ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад давлат органлари ва ташкилотларининг ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришдир. Хусусан, туманида 10 га яқин давлат органининг меҳнат қонунчилигига оид ҳужжатлари таҳлил қилинди. Натижада ушбу ташкилотлар томонидан ҳуқуқни қўллашда 261 та ҳолатда нотўғри амалиёт қўлланилгани аниқланди.

Бу ҳолатлар ҳудудда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш ва ходимларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида ташкилотлар фаолиятига оид 33 та турдаги (буйруқ, огоҳлантириш хати, ариза, далолатнома, таътиллар жадвали ва бошқа турдаги хабарномалар) ҳужжатлари намуналари тайёрланиб, хизматда фойдаланиш учун юборилган.


– Семинар мазкур ҳудудда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришга қаратилган муҳим қадам бўлди ва келгусида бу каби саъй-ҳаракатлар давом эттирилади, – дейди Тошкент вилояти адлия бошқармаси Нотариат, адвокатура ва ҳуқуқий хизматлар бўлим бошлиғи Жаҳонгир Алиев. – Қачонки давлат органлари ва ташкилотларида ҳуқуқий билим ва амалиёт яхшиланса, ходимларнинг ҳуқуқий маданияти оширилиб, меҳнат муносабатлари шаффоф ва адолатли бўлса соҳалар янада ривожланади.
А. Мусаев, ЎзА.