АҚШ разведкаси президент Жо Байденга COVID-19нинг келиб чиқишига бағишланган маърузани тақдим этди, лекин унда аниқ хулосалар йўқ, деб ёзмоқда Washington Post газетаси ишончли манбаларга таяниб.
Нашрнинг ёзишича, ҳужжат муаллифлари “ушбу касаллик ҳайвондан одамга табиий жараён билан ўтганми ёки Хитой лабораториясидан “қочиб” чиққанми”, деган саволларга аниқ жавоб бермаган.
Шу йил май ойида Оқ уй “коронавирус илмий лабораториядан ташқарига қочиб чиққан”, деган версияни илгари сурган эди.
Ўшанда президент Жо Байден АҚШ разведка ҳамжамияти “икки версия атрофида бир фикрга келаётгани лекин ҳали якуний хулосага келмагани” ҳақида айтган эди.
Америка етакчиси ўшанда разведкадан якуний хулосага келиш учун ахборотларни тўплаш ва таҳлил қилишни кучайтириш ҳамда текширув натижаларини 90 кун ичида маълум қилишни сўраганди.
Ўз навбатида Хитой ташқи ишлар вазирлиги АҚШни COVID-19 нинг келиб чиши билан боғлиқ масалани сиёсийлаштиришни тўхтатишга чақирган.