World Taekwondo президентига "Фахрий доктор" унвони топширилди
Мамлакатимизда спорт оламининг йирик воқеаларидан бири — таэквондо (WТ) бўйича ёшлар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионати доирасида Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунгвон Чой бошчилигидаги делегация Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ташриф буюрди.
Халқаро олимпия қўмитаси, World Taekwondo ижроия қўмитаси аъзолари, дунё таэквондосининг етакчи мутахассисларидан иборат делегация аъзолари дастлаб университет музейи билан яқиндан танишди.

Ўзбекистонлик спорт таълими мутасаддилари, олимлар билан ўтказилган мулоқот жараёнида World Taekwondo раҳбари Чунгвон Чойга университетнинг “Фахрий доктори” унвони топширилди.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда спорт таълими соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Спорт биомеханикаси ва психологияси йўналишида дунёнинг энг илғор тажрибаларини ўқув жараёнига татбиқ этиш ҳамда қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, иқтидорли талабалар ва мураббийлар учун, хусусан Жанубий Кореянинг етакчи академияларида малака ошириш ва тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш, World Taekwondo билан ҳамкорликда университет базасида халқаро тоифадаги мураббий ва ҳакамларни тайёрлаш бўйича махсус курслар ташкил этиш, замонавий технологияларни спорт таълимига жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

Мазкур учрашув икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, спорт таълими сифатини ошириш ҳамда халқаро тажрибаларни кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА