World Taekwondo делегацияси Ислом цивилизацияси марказида
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Бутунжаҳон таэквондо федерацияси (World Taekwondo) раҳбарияти халқимизнинг бой тарихий ва маданий меросини ўзида мужассам этган Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишди.
Уч минг йиллик шонли тарихимизни қамраб олган, янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадлари ва юксак тамаддун зафарлари билан муштаракликка эга марказ меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди.

Бутунжаҳон таэквондо федерацияси раҳбари жаноб Чунгвон Чой ҳар гал Ўзбекистонга келганда ўзига хос янгиликка гувоҳ бўлаётганини, бундай юксалиш уни ҳамиша ҳайратга солишини таъкидлаб, мазкур марказ, унинг бетакрор меъморий ва интеллектуал салоҳияти Ўзбекистоннинггина эмас, бутун минтақанинг, керак бўлса жаҳон ҳамжамиятининг келажак авлодларга нодир туҳфаси бўлиб қолишини билдирди.

Меҳмонлар илм, санъат, маданиятлар, тарихлар ҳамда технологияларни уйғунлаштирган ноёб мажмуа, унинг таровати Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини янада юксалтираётгани, бу каби объектлар маданий туризмни ривожлантириш, тарих ва меросга қизиқувчи сайёҳларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этди.

Ташриф давомида нуфузли меҳмонлар мажмуадаги ноёб экспонатлар ҳамда тарихий манбалар орқали мамлакатимизнинг кўп асрлик маънавий мероси ҳақида маълумот олишди.
Т.Рўзиев,
ЎзА