Пойтахтимизда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “WikiStipendiya II” лойиҳасининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда лойиҳа қатнашчилари, жамоатчилик фаоллари, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Тадбирни марафон ҳақидаги видеороликдан сўнг Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев кириш сўзи билан очиб, лойиҳанинг мақсади, эришилган ютуқлар ва келгуси мавсумда режалаштирилган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилганидек, “WikiStipendiya II” лойиҳасига жорий йилнинг 30 май санасидан старт берилган. “WikiStipendiya II” давомида “Wiki-tur”, “WikiQuiz” лойиҳалари, Ўзбекистон ҳудудига оид мақолалар яратиш ва таҳрир қилиш ойликлари, статусли мақолалар танлови, ўзбек тилидаги мақолаларни чет тилларига таржима қилиш марафони ўтказиб келинди.
Хусусан, лойиҳанинг икки мавсуми натижасида ўзбекча Википедияда бугунга қадар 100 мингдан ортиқ сифатли мақолалар яратилган. “Wikimedia Commons” интернет омборхонасига эркин фойдаланиш ҳуқуқи билан юртимизга оид 10 мингдан ошиқ сурат юкланган.
«WikiStipendiya» марафонининг 2-мавсуми якунида 52 нафар ғолибга жами 255 миллион сўм пул мукофоти топширилди. Ҳозирда эса, мақолалар сони 247 минг 528 тани, таҳрирлар сони эса 3 миллион 975 минг 710 тани ташкил этмоқда. Википедиялар тармоғида эса ўзбек тили версияси 42-ўринга кўтарилди.
“WikiStipendiya II” лойиҳаси орқали Ўзбекистон ҳақидаги мақолалар сони оширилган. Жумладан, лойиҳа давомида 7 мингдан ортиқ янги мақола яратилган. Шунингдек, республикамизнинг барча ҳудудларида “Тилимиз учун” шиори остида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилган. Ушбу тарғибот тадбирлари давомида турли ҳудудлардаги 21 та ОТМ, 7 та Президент мактаби, 10 та Ёшлар марказида 3 минг 500 нафардан ортиқ қизиқувчи ёшлар қамраб олинган.
Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни бошқа тилларга таржима қилиш орқали юртимиз тўғрисидаги ахборотларни оммалаштиришга қаратилган Таржима марафони доирасида эса жами 5 та (инглиз, француз, испан, немис ва рус тиллари) тилга янги ахборотлар таржима қилиниб, мавжуд мақолалар сифатли ҳолатга келтирилган.
Тақдимотдан сўнг, лойиҳа ҳамкорлари, волонтёрлар, жамоатчилик фаоллари ва ғолиблар муносиб тақдирланди. Тадбир меҳмонлари лойиҳа ҳақида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Гулноза Бобоева, ЎзА