Юртимизда волейбол спорт турини оммалаштириш, маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида унинг қамрови йилдан йилга кенгайиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Волейбол спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек, илғор хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш ва мамлакатимизда жорий этиш мақсадида кенг қамровли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш асносида иқтидорли ёшларни селекция қилиш, тема жамоаларга йўналтириш назарда тутилган.
Шу мақсадда, айни кунларда “Беш ташаббус олимпиадаси” ўйинлари доирасида юртимиз мактаб ўқувчилари ўртасида “Ички ишлар вазири кубоги” баҳслари, турли ёш тоифалари бўйича мамлакат биринчиликларининг саралаш мусобақалари давом этаётган бир пайтда Ўзбекистон волейбол федерацияси халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Куни кеча белгиланган вазифалар ижросидан келиб чиқиб, Доҳада Ўзбекистон волейбол федерацияси ҳамда Қатар волейбол ассоциацияси ўртасида ўзаро англашув ва стратегик ҳамкорликка доир меморандум имзоланди.
Меморандумни имзолаш маросимида иштирок этган Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Фарҳод Алимов, Қатар волейбол ассоциацияси президенти Али Кувари иштирок этиб, икки давлат ўртасида волейбол спорт турининг турли йўналишларидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш борасида фикрлашди.
Мулоқот давомида ўзаро тажриба алмашиш, мураббийлар ва спортчилар ўртасида қўшма дастурларни йўлга қўйиш, терма жамоалар иштирокида халқаро ўқув-машғулот йиғинлари, семинарлар, мусобақалар ҳамда бошқа спорт тадбирларини ташкил этиш борасида келишувларга эришилди.
Т.Рўзиев, ЎзА