Волейбол мусобақаси
Бухоро вилоятида хотин-қизлар ўртасида волейбол бўйича “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” мусобақасининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди. Мазкур спорт тадбири нафақат иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги ва маҳоратини намоён этди, балки ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни спортга кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этди.

Мусобақада шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 13 та жамоа иштирок этди. Беллашувлар давомида ҳар бир жамоа ғалаба учун астойдил курашиб, майдонда юқори спорт маданияти, матонат ва жамоавий уйғунлик намоён қилди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар томошабинларга ҳам унутилмас таассуротлар улашди.

Айниқса, финал учрашувлари кескин ва қизиқарли руҳда кечди. Якуний натижаларга кўра, Когон туманидаги 3-умумтаълим мактаби жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллаб, мусобақанинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Қоракўл туманидаги 47-умумтаълим мактаби жамоаси 2-ўринга муносиб деб топилган бўлса, Бухоро шаҳридаги 12-умумтаълим мактаби жамоаси 3-ўринни банд этди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Бу каби мусобақалар хотин-қизларнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириш, иқтидорли спортчиларни кашф этишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.