Волейбол: Марказий Осиё жамоалари учун Олимпиадага йўл Тошкентдан бошланади
Жорий йилнинг 25–27 июль кунлари пойтахтимиз Тошкентда эркаклар жамоалари ўртасида соҳил волейболи бўйича ўтадиган CAVA чемпионати Марказий Осиёнинг кучли терма жамоаларини аниқлаш билан бирга 2028 йилги ёзги Олимпия ўйинлари учун зарур бўладиган рейтинг балларини тақдим этади.
Нуфузли мусобақада Марказий Осиёнинг кучли терма жамоалари нафақат чемпионлик, балки халқаро майдондаги муҳим рейтинг очколари учун ҳам кураш олиб боради.
Ушбу очколар келгусида 2028 йили Лос-Анжелесда ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари саралаш босқичлари учун имкониятлар эшигини очиб бериши билан аҳамиятли саналади.
Тошкент спорт майдонларида ташкил этиладиган CAVA чемпионатида 1 ва 2-ўринни қўлга киритган жамоалар соҳил волейболи бўйича Осиё чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади.
Айни кунларда Спорт вазирлиги, Ўзбекистон волейбол федерациясида ушбу нуфузли мусобақани ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА