Қибрай туманида Тошкент вилояти сектор раҳбарлари, тегишли мутасаддилар ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси масъуллари ёшлар билан учрашди.
Унда 20 дан ортиқ туман ёшларининг кредит, ер ажратиш, бандлик, таълим, спорт, мусиқа ва ҳунармандчилик каби кўплаб таклиф ва муаммолари эшитилди. Уларнинг мурожаатлари юзасидан тегишли соҳа мутасаддиларига вазифалар берилди.
Жумладан, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти талабаси Бегзод Тўлқиновнинг IT-технологиялар йўналиши бўйича ўқув марказини ташкил этиш, кам таъминланган оила фарзандларини бепул ўқишлари учун имкон яратиш юзасидан мурожаатига вилоят прокурори С.Самадовнинг ташаббуси билан туман ҳокими жой ажратишга ваъда берди.
Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган "Кўприкбоши" маҳалласида яшовчи Тоҳир Тешабоев ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари сафида хизмат қилишни режалаштирганини айтди. Вилоят ИИББ бошлиғи Тохир Арипов ички ишлар тизимига ўрнатилган тартибда ишга жойлашишда унга амалий ёрдам беришни зиммасига олди.
Тадбир давомида вилоят прокурори Салом Самадов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшлари форумида ёшларга барча имкониятлар яратиб бериш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва жамиятда ўз ўрнини топиши учун саъй-ҳаракатларни тизимли олиб бориш лозимлигини таъкидлади. Бу борада йигит-қизларга яна бир бор эслатиб ўтилди.
–Аввало, биз ёшлар учун яратилаётган имконият ва шароитлар учун ҳукуматимиз, қолаверса, вилоят, туман ҳокимлиги мутасаддиларига миннатдорчилик билдираман, – деди туман ёшлар сардори Муҳаммад Ғофуров. – Бугунги тадбирда ҳудудимиз ёшлари ўзлари учун керакли зарур масалалар бўйича мутасаддилар билан очиқ суҳбатлашди. Ўйлайманки барчамиз учун жуда фойдали бўлди. Келгусида ҳам шундай очиқ мулоқотларини ташкил қиламиз.
Шунингдек, Оҳангарон шаҳрида ҳам сектор раҳбарларининг ёшлар билан учрашуви ўтказилди. Унда мутасаддилар томонидан 60 нафардан зиёд ёшларнинг таклиф ва муаммолари бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, назоратга олинди.
А.Мусаев, ЎзА