Сўнгги йилларда дунё ахборот майдонига шўнғиб кетган бир пайтда, одамлар энди билимни китобдан эмас, балки бир зумда очиладиган рақамли манбалардан изламоқда. Шу жараёнда икки лойиҳа, жумладан, фактларни тартибга солиб, жамлайдиган Википедия ва уларни изоҳлайдиган сунъий интеллект ChatGPT инсониятнинг энг кўп суянадиган ҳамроҳларига айланди. Бу икки манба бир-бирига ўхшашдек туюлса-да, бироқ келиб чиқиши, ишлаш тарзи, мақсади ва келажакдаги ўрни бўйича кескин фарқ қилади.
Шу ўринда аввало Википедия ҳамда ChatGPT тарихига назар солсак:
–Интернет маълумотларига кўра, ХХI аср бошларида бутун дунё интернет тармоғини маълумотлар йиғмаси сифатида энди-энди кашф этаётган паллада, 2001 йил 15 январь куни эрта тонгдан тадбиркор Жеймс Уэлс ва файласуф Ларри Сангер томонидан Википедияга асос солинган, – деди СММ мутахассиси Нурмуҳаммад Файзуллоев. – Дастлаб у Нупедия номли кўпроқ экспертлар томонидан таҳрирланадиган энциклопедияга ёрдамчи лойиҳа сифатида кўрилган.
Аммо ҳар ким Википедияга мақола қўшиши ёки таҳрир қилиши мумкинлиги уни фавқулодда тез суръатда оммалаштирди. Биринчи серверлари АҚШнинг Флорида штатидаги кичик офисда жойлашган Википедияда дастлабки ойлардаёқ минглаб саҳифалар яратилди. 2002 йилда дастурчи Магнус Манске томонидан ишлаб чиқилган МедиаWики платформаси лойиҳа ривожида туб бурилиш ясади. Бунинг натижасида ундаги таҳрирлар тезлашди, маълумотларни тартибга солиш осонлашди, матнларга ҳавола қўйиш тизими кенгайди.
Орадан ўн йил ўтиб, 2011 йилга келиб Википедия 270 дан ортиқ тилда фаолият юритадиган, 20 миллиондан кўп мақолага эга умумбашарий билим омборига айланди. Бугун ҳам у дунёдаги энг катта очиқ энциклопедия сифатида ўз мавқеини сақлаб келмоқда.
Маълумки, ўзбекча Википедия ҳам айнан Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил қилинган “WikiMarafon” лойиҳаси сабаб бугунги кунда 314 мингдан зиёд мақолага эга. Ундаги таҳрирлар сони эса 5,7 миллиондан ошган. Ҳозирда ўзбекча Википедиядаги фойдаланувчилар сони 880 нафардан ошиб, саҳифалар сони 1,1 миллионга етган.
Айни пайтда ундаги сўзлар сони 63 миллиондан ортган. Бу орқали жаҳон рейтингидаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, 62-ўриндан 39-ўринга кўтарилди. Ҳозирга келиб ўзбекча Википедия Марказий Осиё давлатлари Википедияси орасида 1-ўринни, туркий тиллар орасида эса 3-ўринни эгалламоқда.
Орадан маълум вақт ўтиб, 2022 йил ноябрь ойида ChatGPT’нинг оммага очилди. У табиий тилларни тушуниш ва инсон билан мулоқот қила олиш қобилияти билан бутун интернетни ўзига жалб этди. Бугунга келиб янгиланган ChatGPT-5.1 миллионлаб ўқувчилар, дастурчилар, талабалар, шифокорлар, журналистлар ва тадбиркорлар учун интеллектуал ёрдамчи вазифасини бажармоқда.
Хўш, икки лойиҳанинг ўзига хос томонлари нимада?
–Яқин келажакда Википедиядаги вандалликни сунъий интеллект ёрдамида аниқлаш ёки мақола сифатини автоматик баҳоланиш мумкин бўлади. Худди шу тарзда ChatGPT ҳам жавобларини Википедия каби очиқ билим базаларига боғлаш орқали фойдаланувчига янада аниқроқ маълумот тақдим этиши мумкин, –дейди “WikiMarafon” лойиҳаси раҳбари Шоҳжаҳон Собиров. – Ушбу икки улкан манбани бир-бирига таққослаш уларнинг асл моҳиятини англашга тўлиқ имкон бермайди. Википедия — фактлар омбори, манбалар асосида яратилган очиқ энциклопедия бўлиб, унинг ҳар бир саҳифаси текширилади, таҳрирлар изоҳланади, маълумотлар манбалар билан бойитилади.
Википедиядан бош мақсад фактларни жамлаш, тарихни ҳужжатлаштириш ва улар юзасидан имкон қадар холис тасвир беришдир. Унинг яна бир афзаллиги академик тан олиниши бўлиб, кўплаб университетлар Википедияни бошланғич маълумот манбаси сифатида қабул қилади.
ChatGPT эса аксинча, фактларни жамлашни эмас, уларни қайта ишлашни, шарҳлашни, тушунтиришни мақсад қилади. Унинг кучи халқчил тил билан мулоқот қилиш қобилиятида. Агар Википедия “мана факт” деса, ChatGPT “бу фактнинг моҳияти мана бундай” дейди.
Бироқ иккала тизимнинг ҳам ўзига хос чекловлари бор. Википедия кўнгиллилар лойиҳаси бўлгани сабабли баъзан нотўғри таҳрирлар киритилиши, айрим тилларда мақола сифати паст бўлиши ёки маълум мавзулар нотекис ёритилиши мумкин.
ChatGPT эса сунъий интеллект модели сифатида баъзан мавжуд бўлмаган фактни “тўқиб қўйиши”, яъни фойдаланувчиларни алдаш эҳтимоли бор. Шундай бўлса-да, улар бугунги кунда инсониятнинг энг фаол ишлатиладиган икки билим манбаи сифатида шаклланиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, Википедияга ҳар ой ўртача 3,7 миллиард марта ташриф амалга оширилса, ChatGPTда эса бир кунда 2,5 миллиард сўров юборилади.
Келажак қайси лойиҳа қўлида?
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Википедия ва ChatGPT рақиб эмас, балки бир-бирини тўлдирадиган тизимлардир. Википедия фактларни жамлашда давом этади. Чунки бу унинг табиати. ChatGPT эса ана шу фактлар устида фикр юритади, уларни одамларга тушунарли, мантиқий ва равон тарзда баён қилади.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, инсониятнинг келажаги бир лойиҳанинг иккинчисини ортда қолдиришида эмас, балки иккисининг уйғунлигида бўлади. Бири ўзида тарихни сақлайди, иккинчиси эса уни батафсил тушунтиради. Бири фактларни йиғади, иккинчиси уларни онгимизга яқинлаштиради.
Гулноза Бобоева, ЎзА