Ўзбекистонда илк бор «Бирламчи нисбий намлик бирлиги эталони» лабораторияси ишга туширилди
20 май — Бутунжаҳон метрология куни муносабати билан Ўзбекистонда илк бор «Бирламчи нисбий намлик бирлиги эталони» лабораторияси ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур замонавий лабораториянинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров ҳамда «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети ректори Баҳодир Мирзаев иштирок этди. Тадбирда таъкидланганидек, ушбу лойиҳа юртимизда метрология ва стандартлаштириш тизимини халқаро талабларга мослаштириш ҳамда ишлаб чиқаришда ўлчашлар аниқлигини энг юқори даражага кўтариш йўлидаги улкан қадамдир.

Янги инновацион лойиҳа Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ўзаро самарали ҳамкорлиги маҳсулидир. «Бирламчи нисбий намлик бирлиги эталонини яратиш» лойиҳаси доирасида барпо этилган ушбу мажмуа Ўзбекистон миллий метрология институти қошида фаолият юритади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, маҳсулот сифатини назорат қилишда намлик кўрсаткичининг аниқлиги технологик жараёнларнинг хавфсизлиги ва маҳсулотнинг халқаро стандартларга мос келишини кафолатловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Янги лабораториянинг ишга туширилиши мамлакатимизнинг ташқи савдо салоҳиятини оширишга бевосита хизмат қилади. Энг муҳими, мазкур марказ туфайли Ўзбекистонда олинган ўлчаш натижалари халқаро миқёсда ҳеч қандай тўсиқларсиз тан олинади.
Шунингдек, ушбу мажмуа юртимизга мазкур йўналишдаги халқаро солиштиришларда фаол ва тенг ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиш имконини беради. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаб, «Made in Uzbekistan» бренди остидаги товарларнинг рақобатбардошлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА