VI Осиё соҳил ўйинларида 19 нафар спортчимиз иштирок этади
Бугун, 22 апрель куни Хитойнинг Саня шаҳрида VI Осиё соҳил ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Олтинчи бор ташкил этилаётган мазкур ўйинларда қитъанинг 40 дан ортиқ давлатидан 4 минг нафарга яқин спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Улар спортнинг 15 тури бўйича 63 та дастурда ғолиблик учун баҳс олиб боради.
Ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган ушбу мусобақада Ўзбекистон спорт делегациясининг 19 нафар аъзоси спортнинг 4 турида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Осиё соҳил ўйинлари илк бор 2008 йили Индонезиянинг Бали оролида ўтказилган. 2016 йили Ветнамнинг Дананг шаҳрида ташкил этилган ўйинларда Ўзбекистон вакиллари спортнинг 4 турида иштирок этиб, 3 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритган эди.
Саня шаҳрида старт олган VI Осиё соҳил ўйинлари 30 апрелга қадар давом этади.
Т. РЎЗИЕВ,
ЎзА