Вьетнам капитали Бухоро қиёфасини ўзгартиради
Бугун дунёда шаҳарларнинг қиёфаси нафақат уларнинг тарихи, балки инвестиция, инновация ва замонавий инфратузилма билан уйғун ривожи орқали белгиланмоқда. Асрлар давомида Шарқ ва Ғарб цивилизациялари чорраҳасида турган Бухоро ҳам ана шундай янги тараққиёт босқичига дадил қадам қўймоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатда қулай инвестиция муҳитини шакллантириш, хорижий сармояларни кенг жалб этиш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва замонавий шаҳарсозлик лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишга қаратилаётган юксак эътибор бугун Бухоро мисолида ҳам ўзининг амалий натижаларини намоён этмоқда.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов “Rox Group” компанияси таъсисчиси Туан Чан бошчилигидаги Вьетнам ишбилармонлари делегациясини қабул қилди.
Самимий ва ишчан руҳда ўтган мулоқотда вьетнамлик инвесторларнинг Бухоро вилоятига бўлган қизиқиши, ҳудудда амалга ошириш режалаштирилаётган йирик инвестиция лойиҳалари, уларнинг иқтисодий самарадорлиги ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Маълум бўлишича, “Rox Group” инвесторлари Бухорода умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган улкан мажмуаларни барпо этишни режалаштирмоқда.
Лойиҳалар доирасида замонавий премиум тоифадаги турар жой мажмуалари, меҳмонхоналар, мактаблар, клиникалар, бизнес ва савдо марказлари, кўнгилочар масканлар барпо этилиши кўзда тутилган.

Бу оддий қурилиш эмас. Бу — шаҳар муҳитини янгилаш, янги иқтисодий нуқталарни шакллантириш, хизматлар соҳасини ривожлантириш ва Бухоронинг келажакдаги қиёфасини белгилашга қаратилган комплекс ёндашувдир.
Хусусан, Бухоро туманидаги “Работак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қиймати 1 миллиард доллар бўлган “Premium” тоифадаги турар жой мажмуаси ва бизнес марказини барпо этиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, “RCA Heritage Bukhara” МЧЖ томонидан Бухоро шаҳрида яна 1 миллиард долларлик турар жой, савдо ва кўнгилочар объектларини ўз ичига олган йирик мажмуа барпо этиш лойиҳаси тақдим этилган.
Бухоронинг ўзига хослиги шундаки, бу ерда ҳар қандай янги лойиҳа тарих, миллий меъморчилик ва замонавийлик билан уйғунлашиши талаб этилади. Шу маънода, “Rox Group” томонидан таклиф этилаётган лойиҳаларнинг аҳамияти нафақат сармоя ҳажми, балки уларнинг концептуал ёндашувида ҳам намоён бўлади.
Замонавий архитектура ечимлари, халқаро стандартларга мос инфратузилма, яшаш, дам олиш, таълим, тиббиёт, савдо ва бизнес хизматларини ягона муҳитда бирлаштириш орқали янги шаҳарсозлик маданиятини шакллантириш мақсад қилинмоқда.

Бундай лойиҳалар Бухоронинг замонавий қиёфасини янада бойитиши, шаҳарнинг туристик жозибадорлигини ошириши, янги хизмат турларини пайдо қилиши ва энг муҳими, маҳаллий иқтисодиёт учун янги ўсиш нуқталарини яратиши мумкин.
Вилоят ҳокимлиги томонидан хорижий инвесторларга лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш учун зарур шароит ва имкониятларни яратишга тайёр эканлик таъкидланди.
Инвестициянинг ҳақиқий қиймати унинг рақамларида эмас, одамлар ҳаётида қандай ўзгариш ясашида кўринади.
“Rox Group” раҳбари Туан Чан ҳам биргаликдаги истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши жараёнида қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кенг имкониятлар пайдо бўлиши, энг муҳими, маҳаллий аҳоли ва ташаббускорлар учун юзлаб янги иш ўринлари яратилишини таъкидлади.
Демак, бу лойиҳалар янги бинолар билан бирга янги касблар, янги хизматлар, янги тадбиркорлик субъектлари ва янги иқтисодий имкониятларни ҳам юзага келтиради.
Бу эса давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган инсон қадрини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ва инвестиция учун кенг имкониятлар яратиш сиёсатининг ҳудудлардаги амалий ифодасидир.

Мулоқотдан сўнг вьетнамлик ишбилармонлар — “Rox Group” компанияси раҳбари Туан Чан, директорлар кенгаши раиси Тран Куанг Суанг, бош ижроия директори Нгуен Фи Хунг, компаниянинг Марказий Осиё минтақаси бўйича раиси До Тунг Тхан, бош ижроия директорининг ўринбосари Нгуен Вьет Сон ва бошқалар вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳамроҳлигида Бухоро шаҳрининг “Гулчорбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “New Central Bukhara” ҳамда Бухоро туманидаги “New Bukhara City” лойиҳалари учун танланган ер майдонларини кўздан кечиришди.
Бу ташриф рамзий маънога ҳам эга. Зеро, сармоядорнинг лойиҳани қоғозда эмас, уни амалга ошириш учун танланган ҳудудда кўриши — режадан амалий ҳаракатга ўтишнинг муҳим босқичидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири