VEON - NASDAQ va Euronext Amsterdam биржалар рўйхатига киритилган, алоқа хизматлари ва рақамли хизматларни етказиб берувчи глобал провайдери ҳисобланади. Компания дунёнинг энг тез ривожланаётган бозорларини қўллаб-қувватловчи технология хизматлари билан турмуш тарзини ўзгартиршига хизмат қилади.
Мазкур глобал рақамли оператор мамлакатимизда IТ-таълимни ривожлантириш ва уни сифат жиҳатидан ўсишига қаратилган ислоҳотларда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, компания томонидан юртимизни Марказий Осиёнинг йирик IТ ҳабига айлантиришга қаратилган қатор йирик лойиҳа ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Ушбу маълумотлар "VEON" телекоммуникация холдинги раҳбариятидан иборат делагация аъзолари IT паркка ташрифи чоғида айтиб ўтилди.
Мазкур ташриф Ўзбекистонда илк бор ўтказилган "VEON" директорлар кузатув кенгашининг йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.

Делегация аъзолари IT паркда яратилаётган шароитлар билан яқиндан танишиб, ўзларининг инвестицияларини киритиш, ёшларни иш билан таъминлаш, экспорт ҳажмини ошириш каби масалаларни муҳокама қилди.
Шу билан бир қаторда, ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, мамлакатимизда профессионал кадрлар етиштириш бўйича тизимли ишлар ҳақида суҳбат ташкил этилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг рақамли экотизимини жадал ривожлантириш учун “VEON” рақамли рекламага ихтисослашган ОТМ Глобал бўлимининг минтақавий марказини очади. Келгуси йилда янги ОТМ бўлими Ўзбекистоннинг Тошкентдаги янги IT паркида ишлаш учун 70 га яқин юқори даражадаги AdTech мутахассисларини ёллайди. Дастлаб, компания Марказий Осиё бозорлари учун рақамли реклама хизматларига эътибор қаратади ва келгуси бир неча йил ичида жаҳон бозорига чиқишни режалаштирмоқда.
“VEON”, шунингдек, Big Data ва киберхавфсизлик соҳасида тажрибани оммалаштириб, BeeLabнинг Ўзбекистондаги рақамли бўлинмасини кенгайтиради. 2023-йил охирига қадар VEON BeeLab мутахассислари сонини деярли икки баробарга, яъни 130 дан 250 гача ортиқ кишига оширишни кўзда тутади. Шунингдек, Ўзбекистонда соҳанинг кадрлар ресурсларини маълумотлар фанлари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, "scrum" методологияси ва ечимлари бўйича юқори малакали мутахассислар билан мустаҳкамлашни режалаштирмоқда. Янги ходимларни жалб қилиш орқали BeeLab Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги банк сектори ва финтеч мижозлари учун маълумотлар таҳлили ва киберхавфсизлик бўйича ишларни кенгайтирмоқда.
Гўзал Сатторова, ЎзА