Вэнс: Зеленскийнинг Орбан ҳақидаги гаплари асоссиз
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Украина етакчиси Владимир Зеленскийнинг Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳақидаги баёнотларини кескин танқид қилди. У бу фикрларни “жуда кескин ва қабул қилиб бўлмайдиган” деб баҳолади. Вэнсга кўра, бир давлат раҳбари бошқа иттифоқчи давлат етакчисига бундай ишоралар билан чиқмаслиги керак. Бу баҳс Венгриядаги сайловлар олдидан янада сиёсий тус олди.

Масаланинг илдизи энергия таъминотига бориб тақалади. Будапешт Киевни “Дружба” нефть қувури орқали етказиб беришни атайлаб чеклаётганликда айбламоқда. Украина эса қувур Россия дрон ҳужуми оқибатида шикастланганини ва таъмир ишлари олиб борилаётганини билдирган. Бу ҳолат икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада таранглаштирди.
Вэнс бу вазиятни сайловга ташқи таъсир сифатида баҳолади. Унинг фикрича, энергия таъминоти орқали босим ўтказиш — бу ҳам сиёсий таъсирнинг бир кўриниши. Шу билан бирга, у Европа Иттифоқини ҳам Венгрияга нисбатан молиявий босим ўтказаётганликда айблади. Бу эса Ғарб ичидаги қарама-қаршиликларни очиқ кўрсатмоқда.
Ушбу баҳслар фақат икки давлат билан чекланиб қолмаяпти. Венгрия ва ЕИ ўртасида ҳам узоқ йиллик келишмовчиликлар мавжуд. Энди эса Украина билан боғлиқ зиддиятлар бу муносабатларга янги босим қўшмоқда. Сайлов натижалари эса нафақат Венгрия, балки Европа сиёсати учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиши кутилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА