Бугун пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида 2021 йил 14 январдаги «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Шахмат кунлари» мусобақаси ўтказилди.
Ушбу мусобақа вазирликлар, идоралар, корхона ва ташкилотлар ходимлари орасида шахмат спортини кенг тарғиб қилиш ва уни оммавий спорт турига айлантириш мақсадида ташкил этилди. Мусобақада эркаклар ва аёллар алоҳида гуруҳларга бўлинган ҳолда ғолиблик учун дона суришди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон шахмат федерацияси билан ҳамкорликда ўтказилган мусобақа ФИДE қоидалари асосида уюштирилди. Яъни, мусобақа тезкор (рапид) шахмат йўналишида ташкил этилиб, унда иштирокчиларга ҳар бир партия учун 10 дақиқа, ҳар бир юриш учун эса 5 сониядан вақт тақдим этилди.
Мусобақа швейцарча тартибда ва 7 турда ўтказилди. Бу ҳам мусобақанинг шаффоф ва адолатли ўтишига хизмат қилди. Чунки илк ўйинда кучлироқ рақибга дуч келиб қолган ёки арзимас хато туфайли ўйинни бой берган иштирокчи кейинчалик вазиятни ўнглаш имкониятига эга эди.

«Шахмат кунлари» мусобақасида жами иштирокчилар сони 156 нафарни (шундан 30 нафари хотин-қизлар) ташкил қилди. Жамоалар сони эса қарийб 80тага яқинлашди. Бу эса юртимизда шахматга бўлган қизиқиш юқори эканлигидан дарак беради.
Таъкидлаш жоиз, мусобақа ҳаваскорлар ўртасида ўтказилган бўлсада, иштирокчилар қайд этган натижаларга эътибор қаратсак, айрим ҳаваскор шахматчиларнинг даражаси спорт устаси ёки спорт усталигига номзодларникидан паст эмаслиги кўринди.

Қизғин ва муросасиз ўтган баҳслар якунига кўра ғолиб ва совриндорлар қуйидагича кўриниш олди:
«Шахмат кунлари» мусобақаси, эркаклар
1. Алишер Санетуллаев (Ўзатом) – 7 очко;
2. Иззатилла Султонов (Миллий гвардия) – 6,5 очко;
3. Андрей Тюменсев (ОКМК) – 6 очко.
Аёллар
1. Мафтуна Маматқулова (Давлат хавфсизлик хизмати) – 7 очко;
2. Татяна Алиева (Миллий телерадиокомпания) – 6 очко;
3. Лайло Ҳасанов («Ўзбекнефтегаз» АЖ) – 5 очко.
Мусобақа якунида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов сўзга чиқиб, барча иштирокчиларни ўзига хос спорт байрами билан табриклади ва уларнинг келгуси фаолиятларида омад тилади.
Шундан сўнг ғолиб ва совриндорлар медаль, диплом ва эсталик совғалари билан тақдирланишди. Қолаверса, мусобақада фаол қатнашган иштирокчилар ҳам ташкилотчилар томонидан рағбатлантирувчи мукофотларга сазовор бўлишди.