Жорий йилнинг 19 май куни Тошкент вилояти ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент туманида жойлашган “Ғишт кўприк” божхона пости атрофида тахминан 35-40 ёшларда бўлган, “Одил” исмли шахс Қозоғистон Республикасига ўтмоқчи бўлган фуқароларга 100 минг сўм пул эвазига коронавирус касаллигига чалинмагани тўғрисида қалбаки (ПЦР) маълумотнома тайёрлаб бераётгани ҳақида тезкор маълумот олинади.
Ҳолат юзасидан ўтказилган тадбир давомида Тошкент тумани “Ғишт кўприк” МФЙда яшовчи 1984 йилда туғилган Адил Д. назоратдаги аризачидан 100 минг сўм миқдоридаги пул эвазига коронавирус касаллигига чалинмаганлиги тўғрисида қалбаки маълумотномани ясаб, унга берган вақтида бошқарма ходимлари томонидан холислар иштирокида ушланган.
Тадбир давомида фуқаро Адил Д. аризачидан олган пули ва қалбаки маълумотномани тайёрлаб чиқарган «Epson Л120» русумли принтерини ашёвий далил сифатида олинди. Ҳолат юзасидан компьютер-техник экспертизаси тайинланган.
Ҳозирда шу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишили моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатиш чоралари кўрилмоқда.
ИИББ Ахборот хизмати қайд этишича, бу каби ҳаракатлар БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
А.Мусаев,ЎзА