Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамаси “Эндокринология ҳамда болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси соҳасидаги илм-фанни ривожлантириш чора-тадбирлари белгилангани муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат илмий ташкилотларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштиришга ўтказиш тўғрисида” 2021 йил 26 майдаги 326-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ё.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳамда Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказининг илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланадиган тузилмаларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақлаш харажатлари 2025 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2026 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
Маълумот учун. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 26 январдаги ПҚ-102-сон қарорига мувофиқ Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази базасида эндокрин касалликлар эпидемиологияси, тиреоидология ва йод танқислиги, репродуктив эндокринология, нейроэндокринология каби муҳим йўналишлар бўйича уйғунлашган илмий лабораторияларни ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 21 майдаги ПҚ -183-сон қарорида онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларнинг олдини олиш, уларни диагностика қилиш ва даволашнинг устувор йўналишларида илмий тадқиқотлар ўтказиш белгиланган эди.
ЎзА