Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг ваколатлари аниқлаштирилмоқда
«Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари қуйидагилардан иборат:
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурилаётган бинолар ва иншоотлар сейсмик хавфсизлиги таъминланишининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини назорат қилади;
– электрон техник паспортлар асосида бинолар ва иншоотларни сейсмик жиҳатдан заифлиги бўйича таснифлашда, шунингдек бинолар
ва иншоотларнинг инструментал-техник текширувида ҳамда уларнинг зилзилабардошлигини оширишда иштирок этади;
– сейсмик фаол зоналарда қурилиши режалаштирилаётган ҳамда инспекция назорати предметига кирувчи барча турдаги бинолар
ва иншоотларнинг, шунингдек кўп қаватли турар жойларнинг сейсмик жиҳатдан заифлигини баҳолаш учун зарур бўлган ахборотни ўз ичига оладиган электрон техник паспортларни шакллантиради;
– Республикада қурилаётган бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш, шунингдек мавжуд бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш учун зарур чоралар кўради.
Шунингдек, шаҳарсозлик ҳужжатлари таркибига мастер-режа ҳам киритилмоқда.
Мастер-режа ҳудудлардаги аниқ муаммоларни бартараф этишга йўналтирилган, ўзида шаҳарсозлик, ижтимоий-иқтисодий, экологик ва бошқа лойиҳа ечимларини мужассамлаштирган шаҳарсозлик ҳужжатидир.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
ЎзА