Вазир ўринбосари навоийлик ёшлар билан учрашди
Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев “Пайшанба – Ёшлар куни” муносабати билан Навоий шаҳридаги 11-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилар билан учрашди.
Учрашувда таълим, санъат, спорт ва маданият соҳаларида юқори натижаларга эришаётган иқтидорли ёшлар, шунингдек, муддатидан олдин талаба бўлиш ҳуқуқини қўлга киритган ўқувчилар иштирок этди.
Мазкур мактабда бугунги кунда 2015 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Таълим муассасасида 171 нафар педагог фаолият юритиб, уларнинг асосий қисми юқори малака тоифасига эга. Ўқитувчиларнинг сифат таркиби 91 фоизни ташкил этади.

– Мактабимиз жамоаси сўнгги йилларда қатор ютуқларга эришиб келмоқда, – дейди мактаб директори Гулнора Жуманиёзова. – Таълим масканида 4 нафар давлат мукофоти совриндори, 35 нафар “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳиблари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, 101 нафар ўқитувчи миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритган. 2024-2025 ўқув йилида 148 нафар битирувчининг 95,3 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. Натижада мактаб шаҳардаги умумтаълим мактаблари орасида биринчи ўринни эгаллади. Ўқувчиларимиз ҳам Республика ва халқаро миқёсдаги танлов ҳамда олимпиадаларда юқори натижаларни қайд этмоқда. Жумладан, кимё, биология, математика ва экология йўналишларидаги мусобақаларда ғолиблик қўлга киритилди. Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида мактаб ўқувчилари кумуш ва бронза медалларини қўлга киритиб, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
– Жорий йилнинг 15-22 апрель кунлари Россия Федерациясининг Москва шаҳрида ўтказилган 60-Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритдим, – дейди 11-синф ўқувчиси Фирдавс Эркинов. – Кимё фанини болалигимдан яхши кўраман. Ушбу фан орқали табиатдаги кўплаб жараёнларни англаш мумкинлиги менда катта қизиқиш уйғотган. Шу сабабли доимий ўқиш, изланиш ва машғулотлар олиб боришга ҳаракат қиламан. Эришган натижам ортида ота-онамнинг ишончи, устозларимнинг қўллаб-қувватлаши ва мактабимизда яратилган имкониятлар мужассам. Келажакда илм-фан соҳасида янада юқори натижаларга эришиб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилганман. Мен барча ёшларга ўз устида ишлашдан тўхтамасликни, билим олишдан чарчамасликни маслаҳат бераман. Чунки ҳар бир ютуқ ортида меҳнат, сабр ва катта ишонч туради.
Тадбир давомида ёшлар ўз ғоя ва ташаббуслари билан ўртоқлашди. Уларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланиб, вазир ўринбосари томонидан қўллаб-қувватланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири