Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Навоий давлат педагогика институтига ташриф буюрди.
Ишчи гуруҳ вакилларига институтда сўнгги йиллардаги ўқув-услубий, маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот йўналишларида амалга оширилган ишлар ва ютуқлар тўғрисида маълумот берилди. Вазир ўринбосари институтнинг бош биносидаги капитал қурилиш ишлари, жумладан, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар учун ташкил қилинган IT хона, фаоллар ва кичик мажлислар залларида олиб борилаётган таъмирлаш жараёни билан танишди. Шунингдек, мактабгача ва бошланғич таълим факультети ҳудудидаги 950 ўринли қурилиш объектини кўздан кечирди.
Ишчи гуруҳ аъзолари институт тузилмасидаги "Қатағон қурбонлари хотираси" музейи фаолияти доирасида тарихга оид қўлёзмалар, қатағон қилинган шахслар ва қатағон сиёсати даврига доир материаллар билан танишди. Талабалар бошчилигида қатағон даврига оид чизилган суратлар сонини кўпайтириш ва “мобиль дўкон” яратиб, уларнинг бир қисмини сотиш орқали талабалар даромадини ошириш таклифи илгари сурилди.
Ўрганиш давомида ишчи гуруҳ томонидан 18 минг 388 номдаги 116 минг 777 дона босма нашрдаги китоблар ва 12 минг 238 дона электрон ўқув адабиётларини ўзида жамлаган замонавий ахборот-ресурс маркази фаолияти ҳамда талабалар турар жойида яратилган шароитлар таҳлил этилди. Ишчи гуруҳ вакиллари институтнинг 1-, 2- ва 4-сонли талалабалар турар жойида истиқомат қилаётган талабалар билан мулоқот қилди. Ўрганишлар давомида талалабалар турар жойида институт томонидан яратилган шароитлар, хусусан, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминловчи 5 та ташаббус хоналари, сунъий қопламали спорт майдонлари фаолияти йўлга қўйилганлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Абдували Бўриев,
ЎзА