Вазир Жиззах вилояти далаларида бўлди
Қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар самараси қарорлар қабул қилиниши билан эмас, уларнинг дала шароитида қандай ишлаётгани билан баҳоланади. Жиззах вилоятида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирокида ўтказилган амалий ўрганишлар Президент белгилаб берган вазифаларнинг ижроси жойларда қандай таъминланаётганини, илм-фан, инновация ва интизом уйғунлиги эса юқори ҳосилдорликнинг ҳал қилувчи омилига айланаётганини яққол намоён этди.
Мамлакатимизда аграр тармоқни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бу борада қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ҳамда 2023 йил 23 ноябрдаги “Қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини янада ривожлантириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари соҳадаги ислоҳотларнинг изчил ҳуқуқий асосини яратди.

Мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг Жиззах вилоятига амалга оширган ишчи сафари ҳисобот учун эмас, натижа учун хизмат қилувчи амалий ёндашув сифатида аҳамият касб этди. Мирзачўл, Шароф Рашидов, Пахтакор, Зафаробод ва Бахмал туманларида ўтказилган ўрганишлар ҳар бир қарорнинг ҳаётга татбиқи, ҳар бир тавсиянинг амалдаги самарасига қаратилди.

Мирзачўл туманидаги “Қуёшли водий” фермер хўжалигининг 26 гектар пахта майдонида ғўзанинг ривожланиши комплекс таҳлил қилинди. Эътибор марказида фақат бугунги ҳолат эмас, балки келгуси ҳосил тақдирига таъсир қилувчи барча омиллар турди. Екин навини тўғри танлаш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, ўғитлаш тизими ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича илмий асосланган ёндашувлар яна бир бор амалда кўриб чиқилди. Вазир фермерлар билан мулоқотда ҳар бир агротехник тадбирнинг кечикиши ёки сифатсиз бажарилиши юзлаб тонна эҳтимолий ҳосилни йўқотишга олиб келишини алоҳида таъкидлади.

Шу хўжаликнинг 13 гектар майдонида ғалладан кейин экилган мош эса илмий асосланган алмашлаб экиш тизимининг амалий намунаси сифатида баҳоланди. Бундай ёндашув тупроқ унумдорлигини сақлаш, азот мувозанатини яхшилаш ва фермер даромадини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Шароф Рашидов туманидаги “Барака ором” МЧЖда 33 гектар майдонда хитойлик ҳамкорлар билан такрорий экин сифатида экилган пахта эса янги имкониятларни очаётган илмий тажриба сифатида баҳоланди. Экилганига атиги 10 кун бўлган ниҳолларнинг соғлом ривожланаётгани агротехнологияларга қатъий амал қилиш қандай натижа беришини кўрсатди. Бу тажриба келгусида мамлакатимизда такрорий пахтачилик имкониятларини илмий жиҳатдан баҳолаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Пахтакор туманидаги “Анвар-А” фермер хўжалигида 50 гектар майдонда Хитойнинг Шинжон тажрибаси асосида экилган хорижий пахта навлари ўрганилди. Бу ерда ғўзанинг гуллаш босқичида амалга ошириладиган агротехник тадбирлар, озиқлантириш ва суғориш ишларининг аниқ муддатларда ташкил этилиши ҳосилдорликни белгилайдиган ҳал қилувчи босқич экани қайд этилди. Ўзбекистон Қаҳрамони Анорбой Эшматов билан Жиззах тупроқ-иқлим шароитига мос истиқболли навларни яратиш ва селекция ишларини янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Зафаробод туманидаги “Тоштемир ота” фермер хўжалигидаги 101,7 гектар майдонда ташкил этилган амалий семинарда эса назария билан амалиёт бирлашди. Майдоннинг 58 гектарига ғалла, 42,1 гектарига пахта экилган. 120 нафардан ортиқ фермер иштирокида ўтган семинарда замонавий агротехнологияларнинг мазмун-моҳияти дала шароитида тушунтирилди. Ғўзанинг 90–95 сантиметр бўйга етиши агротехник меъёр экани, озиқлантириш ва суғориш ишларини олимлар тавсиялари асосида ташкил этиш юқори ҳосил гарови экани таъкидланди.

Жиззах сафарида фақат пахтачилик эмас, балки қишлоқ хўжалигини диверсификация қилишга қаратилган истиқболли лойиҳалар ҳам атрофлича ўрганилди. Бахмал туманидаги “Азиз Ў” МЧЖнинг 3 гектар плантациясида 1 гектарга АҚШдан келтирилган маймунжон, 2 гектарга Полша селекциясига мансуб малина экилиб, томчилатиб суғориш технологияси асосида илк ҳосил олинди. Маҳсулотлар ички бозор билан бирга экспорт талаблари асосида ҳам етиштирилаётгани муҳим аҳамиятга эга.
“Бахмал Агро Стар” МЧЖнинг 13,5 гектар интенсив боғида эса 26 минг 700 туп юқори ҳосилли олма кўчатлари парваришланмоқда. Лойиҳа тўлиқ қувватга чиққач, ҳар гектардан 24–25 тонна маҳсулот олиш режалаштирилган. Шунингдек, "Азиз Елбекович" МЧЖнинг 100 гектар интенсив боғида ўтган мавсум 2200 тонна олма етиштирилгани соҳадаги замонавий ёндашувлар ўз самарасини бераётганини тасдиқлайди.

Сафар давомида Президентнинг Ёшлар куни муносабати билан ўтказган очиқ мулоқотида илгари сурилган ташаббуслар ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ёш тадбиркор Фазлиддинхўжа Аҳмедов билан учрашувда "Зомин асаларичилик мактаби" лойиҳасини амалга ошириш, Туркия ва Полшадан замонавий ускуналар келтириш, асални чуқур қайта ишлаш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича амалий вазифалар белгиланди. Бугун мазкур ташаббус доирасида 20 нафар аҳоли доимий иш билан таъминланган бўлса, истиқболда яна камида 50 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Жиззах вилоятидаги мазкур амалий ўрганишлар яна бир муҳим хулосани тасдиқлади: аграр соҳада муваффақиятнинг асосий мезони — илмий ёндашув, технологик интизом ва шахсий масъулиятдир. Бугун фермер, олим ва мутахассиснинг ҳамкорлиги кучайган сари ернинг унумдорлиги, сувнинг қадри ва меҳнатнинг самараси ортиб бормоқда. Энг муҳими, Президент белгилаб берган ислоҳотлар далаларда реал натижа бераётгани, қишлоқ хўжалиги янги сифат босқичига кўтарилаётгани Жиззах тажрибасида яна бир бор ўз тасдиғини топди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари