Маҳаллийлаштириш дастури — ишлаб чиқариш мустақиллиги кафолати
Дунёда кечаётган турли сиёсий ва иқтисодий зиддиятлар, транспорт йўлакларининг ўзгариши ва юк ташиш муддатларининг узайиши натижасида хориждан келтириладиган асбоб-ускуналар, бутловчи қисмлар ва хомашёларнинг нархи кескин ошиб кетиши кузатилмоқда. Бу эса йирик саноат корхоналарининг барқарор фаолиятига ва ишлаб чиқариш суръатларига бевосита салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мана шундай глобал шароитда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган Маҳаллийлаштириш дастури ушбу тизимли муаммоларга энг самарали ва стратегик ечим бўлиб хизмат қиляпти. Корхоналарда ички имкониятларни сафарбар этган ҳолда импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўз кучимиз билан ишлаб чиқариш нафақат ташқи бозорга бўлган қарамликка чек қўймоқда, балки бир қатор имкониятларни ҳам яратмоқда.
Хусусан, харажатлар сезиларли даражада оптималлашмоқда. Хориждан валюта ҳисобига сотиб олинадиган ва қиммат логистика эвазига етказиладиган деталларнинг корхонанинг ўзида тайёрланиши маҳсулот таннархини бир неча баробарга арзонлаштирмоқда. Буюртма бериш, божхона расмийлаштируви ва узоқ масофадан юк кутиш муддатлари барҳам топиб, ускуналарни таъмирлаш ва тиклаш тезкорлиги ошмоқда.

Иқтисодий мустақиллик мустаҳкамланиб, маҳаллий хомашё ва миллий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳисобига мамлакат ичида янги ва мустаҳкам ишлаб чиқариш занжирлари, юксак муҳандислик ва технологик маҳорат мактаблари яратилмоқда. Буни Олмалиқ кон-металлургия комбинати мисолида оладиган бўлсак, комбинатда маҳаллийлаштириш дастурининг бош ижрочиси саналган Марказий таъмирлаш механика заводида салмоқли натижаларга эришилаётганига гувоҳ бўламиз.
Айниқса, сўнгги йилларда комбинатнинг бош мега-лойиҳаси ҳисобланган янги 3-Мис бойитиш фабрикаси учун завод меҳнат жамоаси томонидан бир қатор муҳим, юқори технологик эҳтиёт қисмлар ҳамда йирик ҳажмли конструкциялар маҳорат билан тайёрланиб, ўз вақтида етказиб берилаётгани диққатга сазовордир.
Хусусан, 3-МБФ эҳтиёжлари учун импорт қилинган маҳсулотлардан, бугунги кунга қадар 137 та товар позицияси бўйича жами 200,4 миллиард сўмлик маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бу якуний натижа эмас, импорт маҳсулотлари талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқарилиши давом эттирилади.

Ишлаб чиқарилаётган маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг энг катта қисми МТМЗ ҳиссасига тўғри келади. Бу корхонада 2026 йил охиригача 80 турдаги 306,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Улар орасида технологик ускуналар учун футеровкалар, ситолар, роликлар, металл конструкциялар, короблар, траверсалар ва бошқа эҳтиёт қисмлар мавжуд.
2026 йилда заводда бир қатор импорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Жумладан, 3-МБФда фойдаланиладиган бункерлар футеровкасининг 16 та позицияси маҳаллийлаштирилди. Ушбу эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришнинг ўзлаштирилиши технологик ишлаб чиқариш жараёнида механик таъсир ва ишқаланиб емирилиш шароитида ишловчи ускуналарни ҳимоя қилишнинг энг муҳим деталларига бўлган эҳтиёжни таъминлаш имконини берди.

Шунингдек, KSD-3000 конусли майдалагич учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бундан ташқари, заводда қўзғалмас ва қўзғалувчан ҳамда юқори зирҳлар каби ўта муҳим деталларни ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиб, ишлаб чиқарилмоқда.
Ушбу эҳтиёт қисмлар майдалагичнинг иш жараёни билан бевосита боғлиқ бўлиб, фойдаланиш жараёнида сезиларли юкламаларга дуч келади. Шу сабабли, уларни тайёрлаш юқори даражадаги технологик тайёргарликни, деталларнинг геометриясига, металл сифатига ва тайёр маҳсулотнинг ишончлилигига қўйиладиган талабларга қатъий риоя қилишни талаб этади.
Завод меҳнат жамоаси 3-Мис бойитиш фабрикасини нафақат эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар билан таъминлабгина қолмай, балки йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Фабрика қурилиши доирасида завод мутахассислари томонидан том қисми учун металл фермалар ишлаб чиқарилди ва улар кенг кўламли қурилиш-монтаж ишлари мажмуасининг бир қисмига айланди.

Бундай конструкцияларни тайёрлаш юқори аниқликни, лойиҳавий ечимларга риоя қилишни, металлни сифатли тайёрлашни, пайвандлаш ишларини олиб боришни ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилишини қатъий назорат қилишни талаб этади.
Жорий йилда маҳаллийлаштиришнинг яна бир муҳим йўналиши бу 1 минг 600 ва 1 минг 800 типидаги тасмали конвеерларнинг тортувчи барабанларини таъмирлашни ўзлаштириши бўлди. Конвейер ускуналари бойитиш технологик занжирининг энг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Хомашё ва тайёр маҳсулотни ташишнинг барқарорлиги унинг ишончли ва узлуксиз ишлашига бевосита боғлиқдир.
Илгари бундай ишларни бажариш ташқи ташкилотларни жалб қилишни ёки тегишли маҳсулотларни сотиб олишни талаб қилиши мумкин эди. Таъмирлашни бевосита завод кучи билан ўзлаштирилиши ускуналарни тиклаш тезкорлигини сезиларли даражада ошириш, тўхтаб қолиш вақтларини қисқартириш ва ишлаб чиқариш объектларининг зарур техник тайёргарлик даражасини таъминлаш имконини беради.
Бундан ташқари, жорий йилда завод тасма кенглиги 1 минг 400 миллиметр бўлган конвейер учун диаметри 840 миллиметрли тортувчи барабан ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Бу корхонанинг ўз кучи билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури изчил кенгаяётганининг яна бир мисолидир.
Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар орасида лентали таъминлагичлар учун тушириш қутиси ҳам бор бўлиб, ускуналарнинг тўхташларсиз, барқарор ишлаши мана шу деталнинг сифатига боғлиқ.
Бугунги кунда завод меҳнат жамоаси турли мураккабликдаги ва турли мақсадларга мўлжалланган бутловчи ва эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни изчил ўзлаштириб бораётгани юқори қийматга эга. Алоҳида эҳтиёт қисмлардан тортиб йирик ҳажмли конструкцияларгача ишлаб чиқараётган корхона ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтирмоқда ва ташқи етказиб берувчиларга бўлган қарамликни камайтирмоқда.
Умуман олганда, Маҳаллийлаштириш дастури бу шунчаки импорт бутловчи қисмларни маҳаллий маҳсулотлар билан алмаштириш эмас, балки корхонанинг ишлаб чиқариш мустақиллигини мустаҳкамлаш, эҳтиёт қисмларни етказиб бериш муддатларини қисқартириш, ускуналар сотиб олиш харажатларини камайтириш ва шу билан бирга муҳандислик ҳамда технологик кўникмаларни ривожлантириш имконини берувчи энг муҳим йўналишдир.
А.Мусаев,ЎзА