Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов таълим соҳасидаги долзарб масалаларни жойларда ҳал этиш, фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Сирдарё вилоятидаги Гулистон давлат университетида сайёр қабул ўтказди.
Қабулда профессор-ўқитувчилар, талабалар, маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этиб, бир қатор муҳим масалалар юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдиришди. Жумладан, фарзандни техникумга имтиёзли қабул қилиш, академик мобиллик орқали ўқишни бошқа олий таълим муассасасига кўчириш, диссертацияни ҳимоя қилган шахснинг диплом олишига оид масалалар кўтарилди.

Вазир Қ. Шарипов ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, улар юзасидан жойида тегишли қарорлар қабул қилди. Мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди, баъзи масалалар бўйича эса амалий ишлар шу куниёқ бошлаб юборилди.

Қабул чоғида таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар ҳам илгари сурилди. Хусусан, Гулистон давлат университети ҳузурида Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда ҳарбий кафедра ташкил этиш ташаббуси муҳокама қилиниб, бу борада амалий вазифалар белгиланди. Шу билан бирга, илмий тадқиқот фаолиятини кучайтириш, инновацион ёндашувларни жорий этиш ва Илмий кенгаш самарадорлигини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

– Олий таълим, фан ва инновациялар вазири иштирокида университетимизда ўтказилган сайёр қабул жуда аҳамиятли ва самарали бўлди, – дейди Гулистон давлат университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ориф Муродов. – Унда таълим ва илмий фаолиятни ривожлантиришга оид муҳим ташаббуслар муҳокама қилинди. Университет жамоаси бундай ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр.
Қабул якунида билдирилган мурожаатлар юзасидан белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши ва амалга оширилган ишлар натижалари жамоатчиликка етказилиши маълум қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири