Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот муҳокамаси давомида иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Энергия ресурслари тарифлари масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, энергия ресурслари тарифлари 1 майдан оширилиши бўйича қарор қабул қилинган эди. Электр энергияси бўйича базавий тариф ставкаси 200 кВт соатгача электр энергияси ишлатилганда 450 сўмдан 600 сўмга оширилди. 201 кВтдан 500 кВт соатгача бўлса, тариф 900 сўмдан 800 сўмга камайтирилди. 501-1000 кВтгача бўлса, 900 сўмдан 1000 сўмга оширилди.

Жами электр энергия истеъмолчилари 7,6 млн. бўлса, уларнинг 70 фоизгача қисми 300 кВтгача электр истеъмол қилади.
Вазирнинг таъкидлашича, тарифлар кам миқдорда ошганига қарамай, ижтимоий ҳимоя масалаларига эътибор қаратилган. Масалан, кам таъминланган оиланинг ойлик даромади жон бошига 1 миллиондан кам бўлса, 200 кВтгача ишлатилган электр энергияси тўлови базавий меъёр доирасида бўлади. Бунга қўшимча яна 200 кВт ишлатадиган бўлса, 150 кВтнинг нархи Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тўлаб берилади. Яъни, Ижтимоий реестрга кирган оилага кўмак берилади. Агар ўрта ҳолатдаги оила 500 кВт электр ишлатса, унинг ойлик тўлови ўзгармасдан қолади. Умуман, май ойидан бошлаб электр бўйича оширилган тариф оилага жиддий харажатларни кўпайтирмайди.
Апрель ойидаги тегишли Президент қарорига кўра, ноябрдан бошлаб 1,3 миллион аҳолига, яъни 13-14 фоиз оилага 1 миллион сўмдан ёрдам бериш кўзда тутилган. Ушбу қарорга қўшимча топшириқ сифатида куз-қиш мавсумигача яна кўмакка муҳтож аҳолининг рўйхати қилиниб, уларга кўмак бериш режалаштирилган.
Шунингдек, вазир газ истеъмоли бўйича тарифлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар бериб ўтди.
М.Комилова,
ЎзА