Вазир Бухородаги илғор лойиҳалар билан танишди
Қишлоқ хўжалигида юқори ҳосилдорликка эришиш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ва илм-фан ютуқларини амалиёт билан уйғунлаштириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Шу мақсадда қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Бухоро вилоятида амалга оширилаётган илғор тажрибалар, инновацион лойиҳалар ва аграр соҳадаги истиқболли ташаббуслар билан яқиндан танишди.
Ташриф Вобкент туманидаги “Нуриддин Мурод” фермер хўжалигидан бошланди. Вазир мазкур хўжаликка қарашли майдонларда парваришланаётган жут экинининг ҳолати, агротехник тадбирларнинг бажарилиши ва келгусидаги ривожланиш имкониятларини кўздан кечирди. Суҳбат давомида жут етиштириш бўйича олимлар томонидан ишлаб чиқилган илмий асосланган тавсиялар муҳокама қилиниб, кейинги агротехник жараёнларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Айниқса, ўсимликнинг барқарор ривожланиши учун суғориш ишларини кечиктирмасдан ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
“Аброр Муҳаммад саховати” фермер хўжалигида маҳаллий “Аҳмад” навли ғалла экилган майдонлар ўрганилди. Экинларни парваришлаш жараёнида барча агротехник тадбирлар илмий тавсиялар асосида амалга оширилгани, уруғликлар яровизациядан ўтказилгани қайд этилди. Мутахассислар фикрига кўра, жорий мавсумда ушбу майдонлардан юқори ҳосил олиниши кутилмоқда.
Вазир ғалла ўрим-йиғим мавсумига тайёргарлик ишларини ҳам кўздан кечириб, ҳосилни қисқа муддатларда ва талафотларсиз йиғиб олиш, техникалардан самарали фойдаланиш ҳамда экиндан бўшаган майдонларни такрорий экинлар учун тезкор тайёрлаш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклади.

Пешку туманидаги “Бухоро сервис агрокластер” МЧЖда Шинжон агротехнологияси асосида амалга оширилаётган тажриба-синов ишлари вазир эътиборини тортди. Бу ерда чигит турли рангдаги плёнкалар остига экилиб, уларнинг ғўза ривожланишига таъсири ўрганилмоқда. Дастлабки кузатувлар турли рангдаги плёнкалар қўлланган майдонларда ўсимлик ўсиши яхши кечаётганини кўрсатмоқда. Бу эса янги технологияларнинг самарадорлигини баҳолаш ва уларни кенг жорий этиш имкониятларини очиб бермоқда.
Ромитан туманидаги “Buxara Seed Cluster” МЧЖда ташкил этилган биогумус ишлаб чиқариш мажмуаси ҳам ташрифнинг муҳим манзилларидан бири бўлди. Бу ерда “Калифорния чувалчанги” ёрдамида экологик тоза ва юқори самарали органик ўғит тайёрланмоқда. Корхона ўтган йили минг тонна биогумус ишлаб чиқарган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични икки баробар ошириш режалаштирилган.
Вазир органик ўғитлардан фойдаланиш тупроқ унумдорлигини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва органик маҳсулотлар етиштиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатнинг барча ҳудудларида шундай лойиҳаларни кўпайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Бухоро туманидаги “Ислом Нарзиобод” фермер хўжалигида ҳам ғалла майдонларининг ҳолати ўрганилди. Хўжаликнинг 120 гектар майдонига хорижий юқори ҳосилдор навлар экилган бўлиб, замонавий агротехнологиялар қўлланилиши натижасида ҳар гектардан 120 центнергача ҳосил олиш кутилмоқда. Вазир бундай натижалар илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга самарали татбиқ этишнинг амалий ифодаси эканини қайд этди.

Ташриф давомида Бухоро давлат университетининг тажриба майдони ҳам кўздан кечирилди. Университетнинг 10 гектарлик базасида Туркиянинг “Yilmaz Fidancilik” компанияси билан ҳамкорликда замонавий кўчатчилик марказини ташкил этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 50 турдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатларини етиштириш, йилига юз минглаб сифатли кўчатлар тайёрлаш режалаштирилган.
Шунингдек, тажриба майдонида қушқўнмас ўсимлигини етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича ҳам лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу эса университетнинг илм-фан билан бир қаторда иқтисодиёт учун ҳам амалий аҳамиятга эга маҳсулотлар етиштиришга ҳисса қўшаётганини кўрсатади.
Қоракўл туманидаги “Янгибой Очил ғаллакор” фермер хўжалигида эса Шинжон агротехнологияси асосида парваришланаётган пахта майдонлари ўрганилди. Ғўза ҳозирда гуллаш фазасига кирган бўлиб, агротехник тадбирлар белгиланган муддатларда амалга оширилмоқда. Фермер ва кластер ўртасидаги самарали ҳамкорлик юқори натижаларга эришишнинг муҳим омили сифатида эътироф этилди.
Ташриф якунида вазир Иброҳим Абдураҳмонов қишлоқ хўжалигида илм-фан, инновация ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш орқали ҳосилдорликни ошириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири