Ватанпарварлик ва миллий ғурур тараннуми
“Маърифат ҳафталиги” доирасида Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан “Байроқ марши” ташкил этилди.
Унда ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда фаол фуқаролар иштирок этиб, қўлларида Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетининг муқаддас рамзи бўлган Давлат байроғини баланд кўтарган ҳолда, шаҳар кўчалари бўйлаб тантанали юришда қатнашишди. Марш давомида кўтаринки кайфият, ватанпарварлик руҳи ва миллий ифтихор туйғулари яққол намоён бўлди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда давлат рамзларига ҳурматни юксалтириш, ёш авлодни миллий қадриятларга садоқат ва Ватан тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат раҳбари илгари сураётган ташаббуслар негизида ҳам юртга садоқатли, миллий ўзлигини англайдиган, Ватан равнақи учун масъулиятни ҳис этадиган авлодни камол топтириш мақсади мужассам.
[gallery-32367]
Зеро, Давлат байроғи шунчаки рамз эмас. Унда халқимизнинг тарихи, бугуни, орзу-интилишлари, мустақиллик ғояси ва ёруғ келажакка ишончи мужассам. Уни баланд кўтариш эса ана шу қадриятларга ҳурмат ва Ватан олдидаги масъулиятни ифодалайди.
Бухорода ўтказилган “Байроқ марши” ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, ёшлар қалбида миллий ғурур, бирдамлик ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш, халқимизни ягона Ватан байроғи остида жипслаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари