Термиз шаҳридаги “Ватанпарварлар боғи”да “Ватан таянчи” отряди аъзоларининг тантанали “Ваъда бериш” маросими бўлиб ўтди.
Унда Мудофаа вазирлиги “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати, Ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилоят кенгаши, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, ҳарбий прокуратура, Мудофаа вазирлиги Фахрийлар кенгаши вакиллари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Термиз шаҳридаги Президент мактаби ҳамда ихтисослашган умумтаълим мактабларининг “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати отряди аъзоларига тантанали равишда кўкрак нишони топширилди.
Маросимда эл-юрт тинчлиги ва ободлиги йўлида Ватанга садоқат билан хизмат қилиш шарафли бурч экани таъкидланди. Отряд аъзоларининг ўз тенгдошларига ўрнак бўлиб, ватанпарварлик фазилатлари, етакчилик ва ташкилотчилик қобилиятларини кенг намойиш этишига омад тиланди.
[gallery-19951]
Президентимизнинг 2022 йил 2 мартдаги “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида давлат умумтаълим мактабларида бошланғич ҳарбий таълим фани ўқитувчиси раҳбарлигида 20 нафар 10-11 синф ўқувчисидан иборат мазкур отрядни тузиш белгиланган. Улар ҳаракатга ихтиёрий аъзо бўлади.
“Ватан таянчи”га ёш авлодни Ватан тақдирига дахлдорлик, маънавий-ахлоқий, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида эркин фикрлайдиган, мустаҳкам билимли, мустақил қарор қабул қила оладиган, мамлакат ва ўз оиласи фаровонлигини янада ривожлантириш орзусида бўлган ёшларни тарбиялаш, ўқувчи-ёшлар орасида ҳарбий-ватанпарварлик руҳини уйғотиш каби вазифалар юкланган. Шунингдек, ўқувчиларни одоб-ахлоқ, Ватанга садоқат, ўзига ишонч руҳида тарбиялаш, умумтаълим мактаби ўқувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шароит яратиш, ўқувчиларни турли хавфли ғоялар ва “оммавий маданият” ниқоби остида кириб келаётган салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланади.
“Ватан таянчи” отрядининг мактабни аъло баҳолар билан тугатган бир нафар фаол аъзосига Мудофаа вазирлиги томонидан олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади. “Ватан таянчи” тавсияномасига эга бўлган ўқувчилар олий ҳарбий таълим ўқув юртига киришда беш фоиз қўшимча балл олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Тадбир якунида иштирокчилар замонавий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси билан танишди. Ҳарбийларнинг саҳна чиқишлари намойиш этилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири