🏆JCH-2026⚽
Ўзбек
Özbek
Русский
English
French
German
Arabic
Қазақ
Spanish
Chinese
Сўнгги янгиликлар

Ватан равнақига ҳисса қўшиш – муқаддас бурч

Ватан равнақига ҳисса қўшиш – муқаддас бурч
Жамият
Танлаш
10:59 / 01.09.2024

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллик байрами муносабати билан барча ташкилот ва идораларда учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда тадбирлар ўтказилмоқда. «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз» шиори остида ташкил этилган байрам тадбири ҳам улардан биридир.

Тадбир аввалида сўз олган «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев иштирокчиларни энг улуғ, энг азиз байрам билан қутлар экан, она Ватан равнақи йўлида хизмат қилиш ва унинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришда ҳисса қўшиш муқаддас бурч эканини таъкидлади.

— Бугун давлатимиз иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда энергетикларимиз ҳам баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда. Сарҳисоб йилида республикамиз аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларини ишончли электр энергияси билан таъминлаш, тизим ривожи йўлидаги амалий сай-ҳаракатлари учун жамиятимиз ходимлари ҳам шарафли унвон ва мукофотларга сазовор бўлганини қувонч билан таъкидлаш лозим. Хусусан, бир гуруҳ ходимлар Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Электр энергетика кенгашининг «Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида хизмат кўрсатган энергетик» унвони ва фахрий ёрлиқлари, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланганини эътироф этиб ўтиш жоиздир, — деди У. Мустафоев.

Кўтаринки руҳда ўтган ушбу байрам тадбири якунида тизимда меҳнат қилаётган бир гуруҳ фаол ходимларга мукофот ва фахрий ёрлиқлар топширилди.  

Н. Зиёдуллаева, ЎзА

Муаллиф: nasibaziyodullayeva