Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлганлар ва прокуратуранинг марҳум фахрийлари хотирасига эҳтиром кўрсатилди
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 апрелдаги “9 май – Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида инсон қадрини улуғлаш, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча юртдошларимизга меҳр ва эътибор кўрсатишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Қарор ижроси доирасида Бош прокуратура, Тошкент шаҳар, Транспорт ва Ҳарбий прокуратураси томонидан бир қатор тадбирлар ўтказилди.
Бош прокуратура раҳбарияти ва жамоаси, Тошкент шаҳар прокуратураси, Ҳарбий ва Транспорт прокуратуралари, шунингдек унинг ҳузуридаги фахрийларни ижтимоий қўллаб қувватлаш маркази фахрийлари, жамоатчилик кенгаши аъзолари Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жойлашган “Ғалаба боғи”га ташриф буюрди.

“Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйилиб, Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 1941-1945 йилларда прокуратура органларида жами 500 нафар ходим фаолият юритиб, уларнинг қарийб 80 фоизи ёки 400 нафари урушга жалб қилинган. Қолганлари фронт ортида мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий масалалари, айниқса, фронтга етказилиши лозим бўлган ресурсларни ишлаб чиқарилишини холисона таъминлаш, Ўзбекистонга кўчириб келтирилган вояга етмаганларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бошқа муҳим соҳаларга жалб қилинган.

Барча фахрийлар ва ходимлар прокуратура тизимида кўп йиллар меҳнат қилган, Иккинчи жаҳон уруши даврида жанггоҳларда жасорат кўрсатган, фронт ортида садоқат билан хизмат қилиб, қонунийликни таъминлаган марҳум бир қатор прокуратура органлари фахрийлари қабрлари зиёрат қилинди.
Хусусан, "Минор" қабристони Маннонов, Усмонов, Иномжонов ва бошқаларнинг қабрлари зиёрат қилинган бўлса, “Чиғатой” қабристонида Устабоев, Рашидов, Рўзметов, Шералиев ва Мустафоев ва бошқаларнинг қабрларига гуллар қўйилди.

Прокуратура раҳбарияти томонидан марҳум фахрийларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинди.
Бундай тадбирлар бошқа ҳудудларда ҳам давом этмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА