Ватан ҳимояси – муқаддас бурч
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз тараққиётнинг янги, юксак босқичи – Янги Ўзбекистон даврини бошдан кечирмоқда. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида буюк тарихий йўлимиз, эришилган улкан ютуқлар ва келгуси ўн йилликнинг миллий юксалиш дастурларига алоҳида тўхталиб ўтди. Бу маъруза Ватан тақдирини ўйлайдиган, эл учун қайғурадиган фидойи юртдошларимиз, жамиятимиз учун миллий ўзликни англаш ва келажакка мустаҳкам пойдевор қўйиш учун маънавий-маърифий дастуриламал бўлди.
Бурилиш даври
Ҳар бир миллат тариxида халқнинг кўп асрлик орзу-умиди рўёбга чиққан, давлатчилик қайта тикланган буюк бурилиш даври сифатида олтин ҳарфлар билан ёзиладиган битикка айланадиган қутлуғ саналар бўлади. 1 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни ана шундай улуғ ва муқаддас айём.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек, истиқлолнинг буюк аҳамияти, энг аввало, инсоннинг қадри ва эркин ҳаётида яққол намоён. Шу боис ислоҳотларнинг илк кунлариданоқ халқ қалбига қулоқ солиниб, аҳоли дардига дармон бўлиш бош мақсад этиб белгиланди. “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя давлат сиёсати марказига олиб чиқилди.
“Давлат идоралари халққа хизмат қилиш керак” тамойил асосида олиб борилган ишлар натижасида фуқароларимиз қалбидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини қатъий ишонч, хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган одил жамият барпо этиш учун кейинги ўн йил давомида тинимсиз изланилди, жиддий меҳнат қилинди. Иқтисодиёт, сиёсат, маънавият, ижтимоий соҳа, ҳуқуқ ва хавфсизлик, инновaция ва технология, экология ҳамда ташқи сиёсат каби соҳалардаги туб ўзгаришлар бунинг яққол далилидир. Жумладан, илгари мамлакатимиз иқтисодиётига йилига атиги 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, бугунги кунга келиб 40-50 миллиард доллар чет эл сармояси жалб қилинмоқда.

Халқимизнинг улуғ кучи ва иқтидорига берилган муносиб баҳо
“Таълим билан бирга илм-фан, замонавий технология ва инновaция ҳам тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили ҳисобланади”, деди давлатимиз раҳбари Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тантанасида. Бу эса дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашнинг бош шартидир. Айни пайт IT, сунъий интеллект, ижодий иқтисодиёт каби замонавий йўналишлар ривожига янги руҳ берилиб, улкан ҳаракатлар бошланди. Шу тариқа 10 миллион ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кириш кўзда тутилган. Истиқлол байрами арафасида хитойлик ҳамкорлар билан бирга “Самарқанд-2028” сунъий йўлдоши фазога учирилиши мамлакатимизнинг коинот тадқиқоти ва юқори технология соҳасидаги стратегик мақсадларга эришиш йўлида муҳим амалий қадам бўлди.
“Менинг ниятим: Ўзбекистон технология соҳасида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарур. Ўзбек тили эса – рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим”, деганида Президентимиз мард ва фидойи ёшларимиз, замонавий билим ва касбларни пухта эгаллаётган бунёдкор авлодни назарда тутиб, халқимизнинг улуғ кучи ва иқтидорига муносиб баҳо берди.

Озодлик қиймати
Ўттиз беш йиллик тарихий йўл равон кечмади. Халқимиз бу озод ва фаровон кунларга осонлик билан эришмади, асрлар давомида эркин ҳаёт, адолатли жамиятни орзу қилиб, машаққатли ва оғир синовларни мардонавор енгиб ўтди. Айни мардонаворлик ва матонат мактаби барчамиз учун муҳим ҳақиқатни англатиб, зиммамизга жиддий масъулият юклайди.
Шу ўринда тинчлигимизга рахна солмоқчи бўлган бузғунчи кучлар томонидан уюштирилган қуролли ҳужум ва қўпорувчилик ҳаракатлари пайти Ватан учун мардларча курашиб, жон берган фидойи сафдошларимиз қаҳрамонлиги ва жасоратини ёдга олиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Улар улуғ аждодларнинг жасоратли ва ибратли анъаналарини давом эттириб, ўз бурчларини шараф билан адо этдилар, эл-юрт тинчлигини таъминлаш, кенг кўламли ислоҳотларни рўёбга чиқаришга замин яратдилар.
Мустақиллик ва халқимиз тинч ҳаётини асраш йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган катта лейтенант Маҳмуджон Жалилов, катта лейтенант Чори Ражабов, катта лейтенант Алишер Салимов, лейтенант Сайёр Садинов, лейтенант Бобуржон Ғаниев, катта сержант Маъруфжон Ражабов, сержант Қаҳрамон Мадалимов каби ўғлонларимизнинг мислсиз мардлиги учун барчамиз уларнинг оила-аъзолари олдида таъзим қилиб, чексиз ташаккур билдирамиз.
Мустақиллик, аввало, бизга шон-шарафимиз, муқаддас динимиз, она тилимиз, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтарди. Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда бу қадриятларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, тинчлигимиз ва барқарорлигимизга таҳдид солаётган ҳар қандай кучларга қарши бир ёқадан бош чиқариб курашиш энг муқаддас бурчга айланди. Зеро, озодликнинг қиймати Ватан ва миллат келажаги учун фидо бўлган жонлар, мард йигитларнинг унутилмас абадий хотиралари билан ўлчанади.
Шуни чуқур англаб етмоғимиз керакки, тарихнинг ҳар қандай синовли дамида халқимизни бирлаштирадиган, буюк марраларга сафарбар этадиган куч Ватанга нисбатан чексиз муҳаббат ва фидойиликдир. Ўттиз беш йил давомидаги машаққатли, шарафли йўлимиз кўрсатдики, ҳар қандай тўсиқ фақат ва фақат жипслик, аҳиллик, бунёдкорлик руҳи билангина енгиб ўтилади.

Соҳадаги тарихий ўзгаришлар
Дунё бўйлаб кун сайин кутилмаган хавф-хатар, зиддият ва иқтисодий қарама-қаршилик кучайиб бораётган мураккаб шароитда мамлакат хавфсизлигини таъминлаш биринчи даражали вазифа саналади. Шу боис Президентимизнинг узоқни кўзлаган стратегик дастурлари асосида мудофаа соҳасида ҳам кенг кўламли, тарихий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Жорий йил Давлатимиз раҳбари томонидан мудофаа соҳасини ривожлантириш ва ҳарбий хизмат нуфузини оширишга қаратилган 23 та тарихий Фармон ва Қарор имзоланди. Хусусан, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари тубдан трансформация қилиниб, жаҳон стандартига мос жанговар қўмондонлик ташкил этилди.
Қисқа давр ичида Қуролли Кучларни ривожлантириш борасида энг муҳим амалий ишлар бажарилиб, том маънода Янги Ўзбекистоннинг янги армияси барпо этилди. Бугунги кунда Миллий армиямиз замонавий қуролли тўқнашувлар таҳлили ҳамда етакчи армиялар тажрибалари асосида изчил ривожланмоқда.
Жанговар салоҳиятни янада ошириш мақсадида қўшинлар узоқ масофага отувчи артиллерия, учувчисиз авиация тизими, ўқ отар қуроллар, шунингдек жанговар, махсус ва автомобиль техникаси билан тўлиқ бутланмоқда.

Ҳарбий таълимдаги институционал ислоҳотлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мудофаа вазирлиги ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини трансформация қилиш тўғрисида”ги қарори мамлакатда ҳарбий таълимнинг мутлақо янги моделини яратди. Ушбу ҳужжат асосида стратегик қадам ташланди, илғор хорижий тажрибани миллий шароитга мос равишда интеграция қилиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилди.
5 институт, 4 факультет, 6 округ ўқув факультети, 20 ўқув маркази ҳамда Сержантлар тайёрлаш олий мактабини бирлаштирган мазкур кенг қамровли тузилмада турли даражага эга мутахассислар сифатли, тизимли ва узлуксиз тайёрланмоқда.
Ҳарбий таълим тизимини такомиллаштириш доирасида бакалавриат ва магистратура босқичларида ўқитиш ҳамда штаб зобитларини тайёрлаш бўйича мутлақ янги модел жорий этилди. Жумладан, сержантлар учун бакалавриат йўналишида масофавий таълим йўлга қўйилди. Шу тариқа ҳарбий хизматдан узилмаган ҳолда чақириққача ҳарбий таълим, психология, IT, сунъий интеллект ва кибер хавфсизлик каби 7 мутахассислик бўйича олий маълумот олиш имкони яратилди.
Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасалари фаолияти замон талаби ва илғор стандарт асосида янада яхшиланиб, интеллектуал жиҳатдан етук, стратегик фикрлай оладиган кадрлар тайёрлашга урғу берилмоқда. Зобитларда жангни режалаштириш ва бошқариш кўникмасини ривожлантириш, тизимни рақамлаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш асосий мақсад этиб белгиланган. Ҳарбий санъат шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги кунда олий ҳарбий таълим муассасаларида кадрлар жисмоний тайёргарлиги ва ғоявий-мафкуравий иммунитетини ошириш, IT ва замонавий технологияни қўллай оладиган, тезкор қарор қабул қилиш қобилиятига эга офицерлар тайёрлаш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Турли таҳдид ва хавфни ҳамкорликда бартараф этиш мақсадида куч тузилмалари билан бирга олий ҳарбий таълим муассасалари курсант ва тингловчилари ўртасида қўшма қўмондонлик ўқуви ва бошқа шайлик машқлари ўтказилмоқда.

Эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи
“Бизнинг энг катта бойлигимиз – эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган Янги Ўзбекистон ёшларидир”. Давлатимиз раҳбари бу фикрни бежиз алоҳида эътироф этмади, чунки бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида айнан ёшлар ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши ҳамда салоҳиятини тўла юзага чиқариши учун уларга зарур шароит яратиш устувор вазифа этиб белгиланган. Бунинг учун ҳар йили 20-25 триллион сўм маблағ йўналтирилаётгани келажак тараққиётимизнинг муҳим кафолатидир.
Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва улар ҳаётда ўз ўрнини топишига эришиш мақсадида мудофаа вазирлиги қўшинларида қатор истиқболли ишлар бошланган. Жумладан, аскарларни муддатли ҳарбий хизмат даврида олийгоҳларга тайёрлаш ҳамда “Бир аскар – бир касб” тамойили асосида ўқитиш тизими йўлга қўйилди. Қисқа даврда 938 нафар аскар муддатли ҳарбий хизмат давридаёқ 51 нуфузли олийгоҳга ўқишга қабул қилинди, 10 000 дан кўп ёш касб сертификати олди.
Президентимизнинг “Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ўқувчиларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини кучайтириш ҳамда фан ўқитувчилари касбий салоҳиятини оширишга қаратилган яхлит тизими ишлаб чиқилди. Фан ўқитувчиларининг штат бирликлари Мудофаа вазирлигига ўтказилиб, уларни қайта тайёрлаш, моддий рағбатлантириш тизими такомиллаштирилди. Ҳар бир туманда “Жасорат мактаби” ташкил этилди. Бугунги кунда 300 000 дан зиёд ёшни бирлаштирган “Ватан таянчи” ҳаракати ҳам навқирон авлодни ҳарбий-ватанпарварлик, миллий ғоя ва қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш ишига ҳисса қўшмоқда.

Манзилли ижтимоий ҳимояда янги босқич
Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу мақсадда зобитларга тўланадиган ойлик устама 2 баробар, сержантлар ойлик пул таъминоти 10 фоиз оширилди. Мудофаа ишлари тизими ходимлари маоши 70 фоиз, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ижара бадали 25 фоиз кўпайтирилди. Шунингдек, Қуролли Кучлар сафида 30 йилдан кўп хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсия миқдорини 100 фоиз ошириш назарда тутилган тарихий қонун қабул қилинмоқда.
Бундан ташқари ҳарбий хизматчиларнинг 858 нафар фарзанди имтиёзли тавсиянома асосида нуфузли олий ўқув юртларига қабул қилинди. 2018 йилдан буён жорий этилган мазкур имтиёз орқали жами 6 500 нафардан ортиқ ҳарбийлар фарзанди талабалик бахтига муяссар бўлди.
Миллий юксалиш дастурлари ва ташқи сиёсат
Президентимиз томонидан давлатимиз олдига қўйилган мақсадлар кўлами ниҳоятда кенг. Хусусан, яқин ўн йилликни чинакам миллий юксалиш даврига айлантириш учун илгари сурилган 7 миллий дастурни инсон қадри устуворлашган стратегик қадам, десак асло муболаға эмас. Билим ва малакани асосий капиталга айлантириш, соғлом турмуш тарзини таъминлаш, иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш, экология муаммоларини ҳал этиш – буларнинг бари умумий мақсад – халқимизнинг фаровон ва тинч ҳаётини кафолатлашга хизмат қилади.
Баланд марраларга эришишнинг яна бир муҳим шарти бор: жамиятдаги тинчлик, тотувлик ва ўзаро ишонч. Бугун юртимизда турли миллат ва конфессия вакиллари бир оиладек аҳил яшаётгани жамиятимизнинг кўп миллатли ва бағри кенгликка асосланган юксак маънавий қиёфасини намоён этади. Шукроналик ва бағри кенглик туйғуси ҳукмрон жойда том маънодаги тараққиётга эришилади.
Эътиборли жиҳати, бу тинчлик ва прагматик ёндашув фақат ички сиёсат билан чекланиб қолмаяпти. Ўзбекистоннинг очиқ ва тинчликпарвар ташқи сиёсати, минтақамиздаги дўстона алоқалар, глобал миқёсдаги нуфузли ташаббуслар юртимизнинг халқаро майдондаги обрўсини янада юксалтирмоқда. Нутқда таъкидланганидек, мамлакатимиз 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига илк бор раислик қилиб, глобал тузилма самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни фаол илгари суради. Қўшни давлат Афғонистон бўйича конструктив сиёсатимиз ҳам қатъий давом эттирилади.
Қисқача айтганда, белгилаб олинган дастурлар, кучли ижтимоий сиёсат ва мустаҳкам тинчликка асосланган йўл халқимизнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлайди. Бу Янги Ўзбекистоннинг ёруғ келажаги ва барқарор тараққиётини таъминловчи энг қудратли кучдир.
“Эртага бундан ҳам кучли бўламиз!”
Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўли халқимизга бир ҳақиқатни англатди: агар халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ. «Биз бугун кечагидан кучлимиз, эртага бундан ҳам кучли бўламиз», деган қатъий ишонч юртимизда амалга оширилаётган барча ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятига сингиб кетиши зарур. Зеро, ҳеч қандай куч қатъий ишончга эга халқни енголмайди, бу элнинг тинчлигини бузолмайди.
Бугунги нотинч ва таҳликали замонда мустақиллигимиз, осойишталигимиз ҳар недан афзал экани яққол сезилмоқда. Тинч, фаровон ҳаётнинг қадрига етиш эса ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Қолаверса, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қатори ҳарбий соҳада эришаётган ютуқларимиз, Қуролли Кучларимиз моддий-техник базаси тубдан яхшиланиб, замонавий талаб даражасига кўтарилгани юртимиз ҳимояси ишончли қўлларда эканини кўрсатади. Айни жараёнда Ватанни кўз қорачиғидек асраб қўриқлаётган, ўз ҳаёти, лозим бўлса жонини ўртага қўйган ватанпарвар, мард ўғлонларимизнинг фидойи хизмати чексиз ҳурмат ва эътирофга лойиқдир.

Давлатимиз раҳбари нутқидаги якуний фикрлардан шундай хулоса қилдимки, биз Ватан ҳимоячилари барча ишларимизни кучли армия – кучли халқ тамойили асосида олиб боришимиз зарур. Зеро, армия қудрати халқ ишончи ва бирдамлигига таянса, юрт тинчлиги мард ҳарбийлар фидойилиги билан мустаҳкамланади. Икки қудрат уйғунлашган жойда ҳеч қандай таҳдид ва хавф-хатар юртимизга рахна сола олмайди.
Дарҳақиқат, “Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!” даъвати бугун ҳар бир фуқарони ўз касби, зиммасидаги вазифасига сидқидилдан ёндашишга ундайди.
Истиқлолимизни, халқимизнинг фаровон ҳаётини, юртимиз тинчлигини мардона қўриқлаётган фидойи ҳарбийларимиз Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондонининг доимий ғамхўрлигини ҳис қилиб, бугунги фаровон ҳаётимиз қадрига етиб яшамоқда. Мустақиллик неъматига шукрона келтирган ҳолда эзгу мақсадлар сари олға қадам қўяр эканмиз, тинчлик ва барқарорликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамиз учун энг муқаддас вазифа бўлиб қолаверади.
Ботир Қудратхўжаев,
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-майор