Вашингтон ёки Теҳрон: иқтисодий босимга биринчи бўлиб қайси бири таслим бўлади?
Давом этаётган глобал ва минтақавий кескинлик шароитида “Қайси тизим – Вашингтонники ёки Теҳронники – ҳозирги инқирозга биринчи бўлиб таслим бўлади? деган савол бўлиб қолмоқда. Қуддус стратегия ва хавфсизлик институти “Jerusalem Institute for Strategy and Security” (JISS) таҳлилида давлат (фуқаролик) иқтисодиёти ва режим иқтисодиёти (ҳокимиятни сақлаб қолиш воситалари) ўртасида қатъий фарқлаш зарурлигини таъкидлайди.
Макроиқтисодий нуқтаи назардан, мамлакатлар ўртасидаги тафовут жуда катта.
ХВЖ ва Жаҳон банки 2026 йил АҚШнинг номинал ялпи ички маҳсулотини 32,38 триллион доллар, ўртача инфляция 3,2 фоиз тахмин қилган. Эроннинг ялпи ички маҳсулоти эса атиги 300 миллиард доллар, иқтисодиёти 6,1 фоиз қисқарган. Шунингдек, озиқ-овқат инфляцияси 99 фоизни ташкил этиб, ўта салбий кўрсаткичга етди.
АҚШ денгиз қамали аллақачон Эрон нефть экспортини 80 фоиздан кўпроқ камайтирди: тахминан 100 000 тонна нефть бозорга чиқмади. 69 миллион баррель нефть ортилган танкерлар ҳаракатсиз қолгани мамлакат валюта тушумини фалаж қилди.
Таҳлилчилар таъкидлашича, фуқаролик инқирози сезиляпти, ҳукмрон элита қулаши қийин масала.
– Эрон жамияти режимнинг ўзидан анча тезроқ қуламоқда, – дейилган мақолада. Зеро, Эрон ҳукумати омон қолиш йўлини аҳолининг оғир аҳволидан муваффақиятли ажратиб олди. Санкцияни четлаб ўтиш ва Эрон инқилоби қўриқчилари корпуси (ЭИҚК)ни молиялаштириш учун “Nobitex” крипто валюта биржаси каби муқобил воситалардан фойдаланган ҳолда, Теҳрон хавфсизлик кучлари ва ҳукумат бошқарувига маош тўлаш имкониятини сақлаб қолмоқда. Режим асосий коалициясини сақлаб қолиш учун ойига тахминан 600-800 миллион доллар керак. Бу маблағни, ҳатто, ойига 1,2-1,5 миллиард доллар нефть экспорти даромади камайишда давом этса ҳам қопланади.
Айни пайт АҚШнинг позицияси бунинг акси бўлиб кўринади. Макроиқтисодий жиҳатдан Вашингтон бу кампанияни йиллар давомида давом эттиришга қодир, сунъий интеллектга инвестиция орқали ялпи ички маҳсулот ўсишини 2 фоизда ушлаб тура олади. Ички сиёсат АҚШ учун тўсиқ бўлиб қолмоқда. Амалиётнинг бевосита харажати аллақачон 25 миллиард долларга етди ва Трамп маъмурияти сайлов хавфи, мамлакатда яшаш харажати ортиши ва Конгресс босимига дуч келмоқда. Бундан ташқари Форс кўрфазидан тортиб Хитой ва Европагача ташқи ўйинчилар энергия бозорини барқарорлаштириш ва Ҳурмуз бўғозини қайта очиш учун тезкор равишда кескинликни камайтиришни талаб қилмоқда. Натижада JISS таҳлилчилари Эроннинг фуқаролик иқтисодиёти санкция босими остида қулаш арафасида турган бир пайт Трампнинг сиёсий ҳаракати вақт билан чекланган, деган хулосага келишди. Оқ уй Қўшма Штатлардаги ички сиёсий харажат кампаниянинг геосиёсий фойдасидан устун келмасдан олдин, ҳозирги ҳолатни фойдали келишувга айлантиришга интилмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА